ЁШЛАР МАСАЛАСИ - ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА
Бугунги кунда юртимизда ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки ҳар қандай жамиятнинг келажаги, тараққиёт йўли, аввало, унинг билимли, иродали, ташаббускор ва соғлом ёш авлодига боғлиқ. Шу боисдан, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ислоҳотлар ижроси, хусусан, ишсиз ва оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш бўйича республика ишчи гуруҳи Амударё туманида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Жараён мобайнида республика ишчи гуруҳи ёшлар билан ишлашиш бўйича ташкил этилган туман штаби фаолияти билан танишди. Шунингдек, корхона-ташкилотлар раҳбарлари билан учрашиб, оталиққа олинган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб борилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари ёшларга ажратилган ер майдонларидан фойдаланиш ҳолати билан ҳам яқиндан танишди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларга ажратилган ерлардан самарали фойдаланаётган Амударё тумани Хизр эли маҳалласида яшовчи Мансур Йўлдашев ва унинг оила аъзоларининг иқтисодий ҳолати, турмуш тарзи тобора яхшиланмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг "Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 153-сонли қарори асосида ёш оила яхшигина даромад манбаига эга бўлди. Ер майдони ажратилиши туфайли 3 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Яхши парвариш қилинган ерда турли хил сабзавот маҳсулотларидан йилига икки, уч маротаба мўл ҳосил ва юқори даромад олинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни иқтисодий фаолиятга кенг жалб этиш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар ажратиш орқали уларнинг ўз бизнесини бошлашига кенг имкониятлар яратмоқда.
2025 йил 14 февраль куни имзоланган "Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 62-сонли Президент қарори асосида туманимиздаги кўплаб ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан туманда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлардан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 14 февраль куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган асосий вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илм-фанни оммалаштириш мақсадида "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги 61-сонли Фармон қабул қилинган эди.
Фармон билан Тошкент шаҳри Олмазор тумани тажрибаси асосида республиканинг ҳар бир туманида камида биттадан мактабда муҳандислик лабораторияларини ташкил этиб, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси белгиланди.
Республика ишчи гуруҳи вакиллари ушбу вазифалар ижроси борасида Амударё туманида ташкил этилган ишларни ўрганди ҳамда бу борадаги фаолиятни янада жадаллаштириш, лаборатория хоналари ташкил қилиш, жиҳозлаш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶