Салқин ичимлик ва музқаймоқ истеъмолида эҳтиёт бўлинг
Кунлар исиб бошлаши билан аҳоли, хусусан, ёшлар орасида салқин ичимликлар ва музқаймоқларга бўлган талаб ортиши кузатилади. Чанқоқни босиш ва организмни тетиклаштириш мақсадида бу каби маҳсулотлар кенг истеъмол қилинади. Бироқ уларни нотўғри шароитда сақлаш ва сотиш ҳолатлари инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Айниқса, ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш орқали ўткир юқумли ичак касалликлари, овқатдан заҳарланиш ҳамда юқумли бўлмаган бошқа касалликларнинг келиб чиқиш эҳтимоли юқори. Шу боис истеъмолчилар ўз соғлиғини асраш мақсадида истеъмолга масъулият билан ёндашиши лозим.
Шу кунларда Амударё туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассислари томонидан аҳоли гавжум жойлар — бозорлар, кафелер ва жамоат масканларида салқин ичимликлар, музқаймоқлар ҳамда тез бузиладиган маҳсулотлардан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Турғун савдо шохобчаларида сотилаётган маҳсулотлардан намуналар олиниб, бўлим лабораториясида уларнинг кимёвий ва бактериологик таркиби текширилмоқда.
Музқаймоқлар сут маҳсулотлари тоифасига кирадиган, озиқавий қиймати юқори ва тез бузиладиган маҳсулотлар сирасига киради. Салқин ичимликлар эса чанқоқни босишда кенг қўлланилади. Ушбу маҳсулотларнинг хавфсиз истеъмоли уларнинг белгиланган санитария қоидалари ва давлат стандартларига мувофиқ сақланиши ҳамда сотилишига боғлиқ.
Жумладан, юмшоқ — фрезерли музқаймоқлар фақат турғун савдо нуқталаридан сотилиши мумкин. Савдога чиқарилаётган ҳар бир салқин ичимлик ва музқаймоқ сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб берувчи сертификатга эга бўлиши шарт. Улар сақланаётган идишлар белгиланган стандартларга мос бўлиши, махсус совутгич ускуналар билан жиҳозланган бўлиши ва истеъмол муддати кўрсатилган муҳрга эга бўлиши лозим.
Сотиш жараёнида маҳсулот бир марта фойдаланиладиган идишларга қуйилиши, бу идишлар фойдаланилгандан сўнг алоҳида контейнерларда йиғилиши талаб этилади. Шу билан бирга, сотувчилар тиббий кўрикдан ўтган, махсус кийим-бошда бўлиши ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши зарур.
Афсуски, баъзан кўчаларда, қуёш нури тўғридан-тўғри тушадиган очиқ жойларда, полиэтилен идишларда қадоқланган, қандай шароитда тайёрлангани номаълум бўлган салқин ичимликлар сотилмоқда. Бундай маҳсулотлар санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди ва инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Уларни истеъмол қилиш орқали турли касалликлар, жумладан, ўткир ичак инфекциялари ва овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин.
Шунинг учун иссиқ кунларда салқин ичимликлар ва музқаймоқлар истеъмол қилишдан олдин ҳар бир шахс эҳтиёткор бўлиши, уларнинг сақлаш ва сотиш шароити, қадоқланиш ҳолати, истеъмол муддати ҳамда сотувчиларнинг санитария талабларига амал қилишига алоҳида эътибор қаратиши зарур.
Соғлиғингиз ўз қўлингизда — унга бепарво бўлманг!
Д. Балтабаева, Амударё тумани СЭО ва ЖСБ олий тоифали шифокори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶