Тумандаги “қизил” тоифага киритилган овул ва маҳаллаларни “яшил” тоифага ўтказишга бағишланган ўқув-семинари ўтказилди
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар учун хавфсиз ва осойишта муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада Президент фармон ва қарорлари асосида маҳаллаларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқмоқда. Жумладан, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асослари маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва аҳолининг ҳамжиҳатлигини таъминлаш, жиноятчиликни кескин камайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда яқинда Амударё тумани Ички ишлар бўлими мажлислар залида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси катта ўқитувчиси, подполковник Искандар Байдадаев, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори, капитан Парахат Каипов ҳамда туман ИИБ бошлиғи подполковник Мухаммедали Хожамуратов иштирок этди. Йиғилиш доирасида туманнинг Бештом, Босув, Гулзор, Дўстлик ва Навоий маҳаллаларининг “еттилик” аъзолари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда Президентнинг 2025 йил 3 январь кунги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Мазкур қарор маҳаллаларда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган.
Қарорнинг асосий мақсадлари — маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тегишли идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Шу муносабат билан маҳалла раиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси ҳамда хотин-қизлар фаолининг ўзаро мувофиқлашган фаолияти таъминланиши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, жиноятчиликка мойил гуруҳларни аниқлаш ва улар билан мақсадли иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади.
Қарорда рақамли технологиялар ва таҳлил воситалари орқали назоратни кучайтириш, яъни ягона электрон маълумотлар базаси асосида тезкор ва самарали чора кўриш тизимини шакллантириш ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Ҳар бир маҳаллада фуқароларнинг ижтимоий ҳолати, муаммолари ва хавф даражалари аниқланиб, шунга қараб профилактик ишлар самарали ташкил этилади. Қарор ижросида ҳар бир мутасадди шахснинг аниқ вазифалари белгилаб берилган.
Шунингдек, қарор доирасида маҳаллаларга видеокузатув камералари ўрнатиш, профилактика ишларини молиялаштириш ҳамда зарур техник таъминот билан таъминлаш белгиланган. Бунда маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда аҳолининг фаол иштирокини таъминлашга эътибор қаратилади.
Мазкур қарор ижроси натижасида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари камайиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари янада самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик ва бошқа салбий ҳолатларнинг олди олиниши кутилмоқда. Йиғилиш давомида Республика миқёсида маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган самарали ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Ҳар бир маҳалла учун алоҳида намунавий “йўл хариталари” ишлаб чиқилгани ва уларнинг ижроси назоратга олингани таъкидланди. Бу орқали жиноятчиликнинг сезиларли даражада камайишига эришилаётгани қайд этилди.
Йиғилиш сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар. Шунингдек, Амударё тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Мухаммедали Хожамуратов томонидан жорий йилнинг биринчи чораги якуни бўйича туманда жиноятчилик салмоғи ўтган йилга нисбатан 44 тадан 38 тага, яъни 13,64 фоизга камайгани қайд этилди. Бу кўрсаткичга эришишда туманда барча идора ва ташкилотлар ҳамда маҳалла “еттилик”лари ҳамжиҳатликда иш олиб боргани, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари тўғри йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди.
Амударё туманида ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, мутасадди идора ва маҳалла еттиликларининг ўзаро ҳамкорлиги, аҳоли билан мулоқот ва тарғибот ишлари жиноятчилик даражасини камайтиришда ўз самарасини бермоқда.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶