27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Наврўз байрами кенг нишонланди
Аслида тақвимларда қизил доирача билан белгиланиб турадиган ҳар бир байрамнинг ўзига хос томонлари, файз-у, таровати бор. Бироқ, қадимий байрамларимиздан бири ҳисобланган Наврўзи олам табиатга уйғониш, деҳқонларнинг ишига иштиёқ ва барака, борлиққа янгиланиш олиб киргани учун барчамизга бирдек қадрли. Ёш-у, қари февраль ўтар-ўтмасданоқ баҳорни, Наврўзни кута бошлайди, соғиниб энтикади…
Наврўзи олам яқинлашиши билан миллий атлас ва адрас кўйлаклар кийган қиз-келинчаклар байрамга тараддуд кўриб, ҳовлиларга, кўча юзларига сувлар сепишиб, ариқ бўйларига ялпиз ва райҳонлар экишади. Маҳалла аҳлини дошқозон атрофида жамлаган сумалак сайллари байрам шодиёналарига уланиб кетади.
Манбаларга кўра, улуғ аллома Абу Райҳон Беруний “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг дастлабки ойи тўғрисида сўзлаб: “Бу ойнинг биринчи куни – Наврўздир”, дея таъкидлаган. Ҳа, Наврўз азалдан холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ушбу байрам кунларида уруш-жанжаллар ҳам тўхтаган, гина-кудуратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлаган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтилган.
Яқинда Амударё туманининг Қиличбой овулида жойлашган 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам “Ассалом, Наврўз!” номли байрам тадбири бўлиб ўтди.
Қиличбой Маданият маркази биносида бўлиб ўтган тадбирида ташкилот тарбияланувчилари, тарбияланувчиларнинг ота-оналари, ташкилот ходимлари ҳамда овулдаги фахрий онахонлар Рўзибика Асқарова, Қурбоной Жумамуродова, Бибижон Тажибаева, Зулайҳо Эшимова, Татьяна Раҳимова, Амина Юсуповалар қатнашдилар.
Тадбирни ташкилот раҳбари Муҳаббат Рахимова очиб берди ва барчани баҳор байрами билан муборакбод этди. Шундан сўнг, маҳалланинг фаол онахонларидан Амина Юсупова, Рўзибика Асқарова, Оқилжон Йўлдошевалар сўзга чиқиб, даврадошларга байрам табрикларини йўлладилар.
Байрам тадбири кичкинтойларнинг ва тарбиячиларнинг бир-биридан қизиқарли чиқишлари билан давом этди. Хусусан, катта гуруҳлар тарбияланувчи қизлари “Баҳор вальси”га рақсга тушган бўлса, ўғил болалар “Андижон полькаси”га ўйнаб, ўз маҳоратларини намоён қилдилар. Ўрта гуруҳ тарбияланувчилари эса “Тулпор” қўшиғи рақс ижро қилишди. Айниқса, катта гуруҳ тарбияланувчиларининг “Лазги” куйига тушган рақси ҳамда Наврўз ҳақидаги куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди. Байрам кечаси боғча тарбиячиларининг “Бойчечак” қўшиғи ва ходимлар томонидан ижро этилган саҳна кўриниши билан давом этди.
Ҳа, байрам муносабати билан ташкил қилинадиган бу каби тадбирлар нафақат болажонларнинг қобилиятларини шакллантиради, балки ташкилот ходимларининг ҳам фаоллигини ошириб, жамоага аҳиллик, тадбир меҳмонларига кўтаринки кайфият бахш этади.
Шу ўринда, ушбу байрам кечасини ташкил қилишда ва ўтказишда ўз ҳиссаларини қўшган тажрибали тарбиячилардан Дилором Ўразметова, Дилбар Ҳаитова, Ойгул Ортиқова, Соҳиба Раҳимова, Дилрабо Базарбаева, Зебо Тилавова, Шоира Ўразбаева, Шаҳло Жумамуродова, Гулзебо Қиличбекова, Гулмира Қосимова, мусиқа раҳбари Озод Рахимов, ёрдамчи тарбиячилар Қутлибика Атабоева, Саида Сафарбаева, Моҳинур Бобожонова, Зулфия Собироваларнинг меҳнатини эътироф этиш жоиз.
Байрам кечаси миллийлигимизни, азалий урф-одатларимизни тарғиб қилгани ва жажжи авлодлар қалбида Наврўз байрами ҳақидаги дастлабки тасаввурларни уйғотгани билан аҳамиятли бўлди.
Азиза Мадраҳимова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶