Амударё туманида Халқаро хотин-қизлар куни муносиб нишонланди
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган. Аёл бор экан ҳаёт гўзал ва мазмунли, хонадонлар обод ва нурафшондир.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни. Ушбу сана бутун дунё бўйлаб гўзаллик ва нафосат тимсоли бўлган аёл-қизларнинг байрами сифатида кенг нишонланади. Байрам муносабати билан уларга ҳар доимгидан-да улуғ эҳтиром кўрсатилиб, эъзозланади ва шарафланади.
Сана муносабати билан Амударё тумани Маданият бўлимида ҳам катта концерт дастури ташкил этилди. Байрам тадбирини туман ҳокими Собир Хўжаметов табрик сўзи билан очиб берди. Туман ҳокими ўз нутқида юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасида эканлиги таъкидлади, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг туманимиздаги ижроси хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳаларда хотин-қизларга кўплаб янги имкониятлар берилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлиги учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, туманимизда 1000 нафардан зиёд тадбиркор аёллар фаолият юритиб келмоқда.
Шунингдек, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида 2024 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 5 минг 600 нафар хотин-қизларга турли ёрдамлар кўрсатилиб, “Аёллар дафтари”дан чиқарилди. 4 нафар аёл-қизлар уй-жой билан таъминланди, 8 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойи ҳомийлик ҳисобидан таъмирлаб берилди. Боқувчисини йўқотган, яшаш шароити оғир деб топилган 15 нафар хотин-қизларнинг уй-жой ижараси учун компенсация тўлаб берилди. Ногиронлиги бўлган 2 нафар аёлнинг жарроҳлик амалиёти учун “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш” мақсадли жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратиб берилди.
Қолаверса, Оила ва хотин қизлар қўмитасининг тавсияномаси асосида туманимиздан 10 нафар хотин-қизлар Олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. “Аёллар дафтари” жамғармасидан 2 нафар, туман ҳокимлиги ҳисобидан эса 13 нафар оилавий шароитлари оғир хотин-қизларнинг шартнома пуллари олий таълим муассасалари тўлаб берилди.
Туман ҳокимининг табрик сўзидан кейин турли соҳаларда самарали фаолият олиб бораётган аёл-қизларга ташаккурнома ҳамда байрам совғалари топширилди. Байрам тадбири туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган бир-биридан ажойиб чиқишлар, бетакрор куй-қўшиқлар билан давом этди. Туманимизнинг умидли хонандалари гўзаллик, севги, дўстлик, баҳор, она ва аёлни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан барча тадбир иштирокчиларига юқори байрамона кайфият бағишладилар.
Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам гўзал ва бетакрор юртимизга баҳор нафаси кириб келганидан дарак беради. Қутлуғ санада хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат ва умумжамият аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда.
Аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Оилани ҳам, жамиятни ҳам бирлаштириб, унга файз-у барака киритадиган хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир. Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда, уни Она сиймосига қиёс этганларида ҳам катта маъно бор.
Фурсатдан фойдаланиб, барча дилбар аёл-қизларни, онахонларимиз, опа-сингилларимизни эзгулик ва гўзаллик байрами – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклаймиз, оилавий хотиржамлик, хонадонларига тинчлик, файз-у барака тилаймиз! Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида, яқинларингизнинг эъзозида яшанг, азиз ва муҳтарама аёллар!
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶