ДАВЛАТ КАДАСТРЛАРИ ПАЛАТАСИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ
Мамлакатимизда фуқароларнинг уй-жойга бўлган шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йиллар давомида пешона тери эвазига бунёд этилган бино ва иншоотларининг ҳуқуқий жиҳатдан дахлсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли сўнгги йилларда кўплаб фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларида бунёд этилган уй-жойлари, маиший бино ва иншоотларига бўлган мулк ҳуқуқлари эътироф этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.
Маълумки, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан уй-жойлар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш бўйича маҳаллалар кесимида режавий жадвал ишлаб чиқилиб, ушбу жадвал асосида Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари мутахассислари томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, соҳа мутахассислари фуқароларнинг мурожаатлари бўйича бевосита маҳаллаларга чиққан ҳолда сайёр қабуллар ўтказиш орқали уларнинг мурожаатларини ўрганиб, муаммоларни жойларида ҳал этишаётгани аҳолининг мушкулини осон, оғирини енгил қилиш имконини бермоқда.
Амударё туманида Давлат Кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сардар Уринбаев раҳбарлигида аҳолининг кадастр соҳасидаги мурожаатларини ўрганиш ва уларни қонуний ҳал қилиш мақсадида ўтказилган сайёр қабулда ҳам туман аҳолисини қийнаб келаётган кадастр соҳасига оид бир қатор муаммолар кўриб чиқилди.
Сайёр қабул жараёнида Сардар Уринбаев тадбир иштирокчиларига кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ариза юбориш, бино ва иншоотларга бўлган ашёвий ҳуқуқлар ипотекаси тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реклама қилиш учун рухсатнома расмийлаштириш, шунингдек, кадастр паспортини шакллантириш юзасидан амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда уларга риоя қилиш қоидалари бўйича зарур тушунча ва маълумотлар берди.
Шундан сўнг сайёр қабул давомида юридик ва жисмоний шахслар томонидан келиб тушган 50 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди. Хусусан фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида бунёд этилган яшаш хонадонларини, қўшимча бино ва иншоотларни, юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган, қурилаётган турли тоифалардаги бино ва иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, объектни қайта ихтисослаштириш, кадастр паспортини расмийлаштириш билан боғлиқ мурожаатлар шахсан мурожаатчилар иштирокида батафсил ўрганилиб, 30га яқин мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. 20 тадан ортиқ мурожаат эса алоҳида назоратга олиниб, тегишлича мутасадди ташкилотлар масъулларига топшириқлар берилди.
Сайёр қабул жараёнида кадастр соҳасига доир қонунчилик ҳужжатлари, фуқароларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини қонуний расмийлаштириш, бу борада қонун бузилиш ҳолатлари содир этилганида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам масъуллар томонидан керакли маълумотлар, тушунчалар тақдим этилди. Шунингдек, фуқароларни қизиқтирган саволлар юзасидан соҳа масъуллари ва мутахассислари атрофлича тушунчалар бериш орқали тадбир иштирокчиларининг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳисса қўшдилар.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶