1-СОНЛИ МАКТАБДА “НАВОИЙ ВА БОБУР – ҚАЛБИМИЗДА” МАВЗУСИДА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Тилимиз, миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз кўзгусига айланган Мир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди халқимиз учун чинакам ибрат мактабидир. Чунки Навоий ва Бобур асарларидаги эзгулик, яхшилик ва ҳалоллик каби умуминсоний фазилатлар барча давр учун бирдай қадрли ва эл-у элатларни, миллатларни, халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи, тарбияловчи, улуғвор ишларга илҳомлантирувчи таълимий қудратга эга. Шу боис, икки буюк даҳо яратган дурдона асарлар ҳамон севиб ўқилади.
Амударё туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Навоий ва Бобур – қалбимизда” деб номланган адабий-мусиқий, маънавий-маърифий тадбирда бу ҳақда ўқувчилар фахрланиб сўз юритдилар. Мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари раҳбарлигида ўқувчилар томонидан мактаб саҳнаси Навоий ва Бобур асарлари, икки буюк шоир ҳаётига оид суратлар, уларнинг замондошлари ҳамда олимлар томонидан билдирилган дурдона фикрлар битилган лавҳалар, мактаб ўқувчиларининг энг сара иншолари билан безатилди.
Тадбирни мактабнинг 6-а синф ўқувчилари ғазалхонлик мушоираси билан бошлаб бердилар. Унда Навоий ва Бобур ғазалларини энг кўп ёд олган ўқувчилар Чарос Янгибоева, Дурдона Қурбонбоевалар ўзларининг ғазални ифодали ўқиш санъатлари билан тадбир иштирокчиларига лирик кайфият бағишладилар. 9-синф ўқувчилари Кумушой Гулмуродова, Ҳулкарой Қурбонбоева, Дурдона Маҳмудова ҳамда Севинчой Камоловалар ижросидаги Навоий ва Бобур ғазалларига басталанган мумтоз наволар жўрлигидаги рақслар эса тадбирнинг файзига файз қўшди.
Адабий-мусиқий тадбирнинг драматик қисми мактаб ўқувчиларининг икки буюк даҳо ҳаёти ва ижоди ўзлари учун жуда катта таълимий ва тарбиявий аҳамиятга эгалигининг амалий ифодаси бўлди. Унда ўқувчилар тўғрилик ва эгрилик, олийжаноблик ва сахийлик мавзуларида саҳна кўринишларини маҳорат билан намойиш этишди.
Тадбир давомида Сўғдиёна Мадаминова, Турсуной Баҳромовалар томонидан ижро этилган дилрабо рақслар, “Навоий ва Бобур – қалбимизда” шиори остида янграган шеър-у ғазаллар тадбирга янада улуғворлик, иштирокчиларга буюк аждодларимиздан фахрланиш туйғуларини бахш этди.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶