ТУМАН ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР БЎЛИМИ ФАОЛИЯТИГА БИР НАЗАР
Аёл билан олам мунаввар, деган иборани жуда кўп ишлатамиз. Аёлга, онага меҳр ва эҳтиромимизни ифодалаш учун сўзлар хазинасидан энг гўзал маржонлар тизишга ҳаракат қиламиз. Барибир кўнглимиз тўлмайди, ахир баландпарвоз гаплар билан уни бахтиёр қилишнинг иложи ҳам йўқ-да. Барибир аёлнинг ҳаётини яхши ва нурли томонга ўзгартириш мақсадида унинг оғирини енгил, мушкулини осон қилгимиз келаверади. Бунинг уддасидан гоҳо чиқсак, гоҳо аёлни қийнаётган муаммолар ечимини топишда давлатимиз ғамхўрлигига суянамиз.
Амударё туманида истиқомат қилувчи 215 минг нафардан зиёд аҳолининг деярли тенг ярмини — 104 минг 534 нафарини аёл-қизлар ташкил этади. Туман Оила ва хотин-қизлар бўлими фаолиятининг мазмун-моҳиятида ҳам ана шу аёллар учун енгилликлар яратиш, муаммоларини жойига чиққан ҳолда тизимли ҳал этиш, секторлар раҳбарларининг таклифлари асосида маҳаллабай ишлаш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар мужассам.
Ўтган 2024 йил давомида 5-босқич “Аёллар дафтари” рўйхатига жами 5 минг 600 нафар хотин-қизлар киритилиб, улардан 5 минг 525 нафари турли тоифадаги ижтимоий ёрдамлар билан қамраб олинди.
Президентимизнинг 2024 йил 7 март кунги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида апрель ойида барча маҳалла ва овулларда хатлов ўтказилди. Хатлов натижасига кўра, 5 минг 841 нафар хотин-қизлар ишсизлиги аниқланди. Олиб борилган амалий чора-тадбирлар туфайли ҳозирги кунга қадар 5 минг 778 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Оила, деб аталмиш мўъжаз ватаннинг ҳар томонлама гуллаб-яшнаши, оила аъзоларининг ўзаро меҳр-оқибатли, тотувликда яшашлари кўп жиҳатдан оила бекаларига боғлиқ.
Шу боис, туманда оилавий қадриятларни янада мустаҳкамлаш, аёлнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, эл-юртда катта ҳурмат ва эътиборга муносиб оилалар бекаларининг катта ҳаётий тажрибаларини ёш оилалар ўртасида кенг оммалаштириш мақсадида “Оила ва хотин-қизлар маскани” фаолияти йўлга қўйилди.
Донишманд халқимиз закоси туфайли яралган дурдона ҳикматлардан бири аёл-қизларни билимли, касб-корли қилишнинг жамият равнақи учун мислсиз аҳамиятига қаратилгани аёлга эътибор ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Унга кўра, “Бир йигитнинг билим олиши битта оиланинг, бир аёл-қизнинг илмли бўлиши — бутун жамиятнинг ўқимишли ва маънан бой бўлишининг кафолатидир.” Бу борада Амударё туман Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар ибратга, эътиборга муносиб. Хусусан, ўтган 2024 йил давомида Президент Фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Қарорига кўра, жами 260 нафар хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсияномалар берилди.
Туманда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий келишмовчиликларнинг олдини олиш, бегуноҳ болаларнинг арзимаган сабаблар билан ярим етим бўлиб қолишларининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли 2024 йил давомида “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссиялари томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган 113та оила яраштирилишига эришилди.
Айни пайтда Амударё туман Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан 2025 йил учун белгиланган улуғвор режаларни бажариш борасидаги ишларга дадиллик билан киришилмоқда. Унга кўра, 2025 йилда 4073 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилади.
Сайҳунобод тажрибаси бўйича 1065 нафар хотин-қизлар асаларичилик, паррандачилик, иссиқхона, балиқчилик ва бошқа йўналишларда касб-ҳунарга ўқитилади. Шунингдек, лидер тадбиркор аёлларга 385 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни бириктириш орқали даромад топишга ўргатилади.
Бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиш орқали 1295 нафар хотин-қизлар томонидан 2590та янги иш ўринлари яратилади. Йил давомида 20та хонадонда мева, сабзавотлар, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, мато тўқиш, тикиш ва бошқа йўналишлардаги кичик ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш, меҳнат муҳожирлигидан қайтган 140 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, ипакчилик соҳасида 6210 нафар хотин-қизлар банд қилиниб, ўрмон хўжалиги мутахассислари кўмагида дарахт, гул кўчатлари етиштириш бўйича 70 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади.
Боқувчисини йўқотган 950 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижтимоий кўмак кўрсатилади. Бундан ташқари, 3та маҳаллада бўш бино ёки 3 сотихли ер майдонида “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари” ташкил этилиб, низоли 5та оила билан манзилли ишлаш, 4та маҳаллада “Соғлом оила маслаҳат маркази” фаолиятини йўлга қўйиш орқали оилани ихтиёрий режалаштириш, соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзи талаблари бўйича ўқитиш ишлари ташкил этилади ва профилактик ҳисобда турган 125 нафар хотин-қизлар билан алоҳида ишлар олиб борилади.
Туманда хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш мақсадида 455 нафар аёл-қизларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали истеъмол бозорида харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ушбу йўналишда савдо-сотиқ фаолиятини ривожлантириш кўзда тутилган.
Туман Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган кенг кўламли чора-тадбирларнинг барчаси оила институтини янада ривожлантириш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини юксалтириш, уларнинг нафақат оилада, балки жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган. Чунки аёлнинг кўнгли хотиржам бўлса, оила бахтли, жамиятимиз тинч, осуда, мамлакатимиз тобора фаровонлашиб бораверади. Зотан, аёл меҳри-муҳаббати билан наинки оила, бутун олам мунаввар!
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶