Амир Темур номли овулдаги “Маҳалла еттилиги” аҳоли ишончини оқлаяптими?
Маҳалла – халқимизнинг азалий қадриятларини сақлаш ва ривожлантиришда муҳим ижтимоий институт бўлиб, унинг ривожи нафақат ижтимоий, балки иқтисодий тармоқларда ҳам яққол сезилади. Ўтган йиллар мобайнида маҳалладаги ижтимоий тизимлар, шу жумладан, “Маҳалла еттилиги” тизими аҳолининг ҳаёт сифатига, жамиятдаги барқарорлик ва тараққиётга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Бу тизим, ўз навбатида, маҳалла аҳолиси ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ишсизликни камайтириш, шунингдек, умумий фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунларда жойларда “Маҳалла еттилиги” аъзолари аҳоли билан учрашиб, ўтган 2024 йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот бермоқда. 20 январь куни Амударё туманининг Амир Темур номли овули ҳудудидаги 4-сонли мактабда ҳам ана шундай ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда “Маҳалла еттилиги” аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ғуломжон Ешниёзов, овулдаги кўча бошчилари ва аҳоли вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2025 йил учун режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Маҳалла тинч бўлса, Ватанда осойишталик ҳукмрон бўлади. Яқиндагина Президентимиз томонидан қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда маҳалла раиси “маҳалла еттилиги” ва маҳаллага бириктирилган давлат органлари билан ижтимоий профилактика тадбирларини ташкил этиши белгилаб қўйилган. Ижтимоий профилактика – ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли бўлганларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа ёрдам кўрсатиш шаклидир.
Амир Темур номли овул фуқаролар йиғинининг профилактика инспектори Руфат Матназаров бошчилигида бу борада ҳудудда осойишталикни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган йил давомида ҳам овулда содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш учун бир қатор муҳим тадбирлар ўтказилган.

Хусусан, 125 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 60 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилган. Буларнинг барчаси ҳудудда тинчлик ва осойишталикни сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, овулдаги 4-, 25- ва 62-сонли умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсларга мунтазам қатнашишини таъминлаш мақсадида жами 16 марта “Давомат” тадбирлари ташкил этилди. Бу тадбирлар ёшларни таълимга жалб этиш, уларнинг келажакдаги ижтимоий фаолиятини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Овулда яшовчи хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ҳам изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Амир Темур номли овулда 688та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 1 минг 852 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Хотин-қизлар фаоли Гўзал Собирова томонидан 5-босқич “Аёллар дафтари”га киритилган 103 нафар оила бекаларига ёрдам кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка жалб қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида эътиборга молик.

Ўтган йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож 51 нафар ишсиз аёл-қизлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш йўлида бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, 7 нафар аёлга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, 2 нафар аёл тикувчилик касби бўйича бепул ўқитилди. Шунингдек, 19 нафар аёл пиллачиликка жалб қилинган ва 22 нафар аёлнинг эса мавсумий ишлар билан бандлиги таъминланган.
Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган аёллардан 1 нафари хизмат кўрсатиш соҳасида якка тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Яна 1 нафар якка тадбиркор аёлга 14 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. 3-тоифага киритилган 7 нафар аёлларга эса моддий ёрдам сифатида ҳар бирига бир мартадан 1 млн 360 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Ўтган йил давомида 17та низоли оила яраштирилиб, психологик ёрдамга муҳтож аёллар иштирокида семинарлар ва индивидуал суҳбатлар ўтказилди. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг барчаси аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга ва оилавий фаровонликни яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Овул фуқаролар йиғинининг ёшлар етакчиси Шоҳзод Озодов ташаббуси билан ҳам маҳалладаги ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган йил давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган 21 нафар ёшларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланиб, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилди. Жумладан, олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи ёшлардан 8 нафарига тўлов-шартнома пулларининг бир қисмини қоплаш имконияти яратилган бўлса, 4 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, 20 нафар ёшларга 30 йил муддатга ижара асосида деҳқончилик учун ер майдонлари берилди.

Бундан ташқари, ёшларнинг спорт ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ва спорт мусобақалари мунтазам ташкил этилди. Бу тадбирлар ёшлар орасида нафақат тадбиркорликка қизиқишни кучайтирди, балки уларнинг жамиятдаги фаоллигини ҳам сезиларли даражада оширди.
Ҳоким ёрдамчиси Темур Оллоберганов бошчилигида ўтган йили “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳам эътирофга муносиб.

Ҳисобот даврида овул яшовчи 159 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилиб, 220 нафар фуқарога ўзини-ўзи банд қилиш имконияти яратилди. 85 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жами 1 млрд 150 млн сўм кредит маблағлари ажратилган бўлса, 14 нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши натижасида 20га яқин янги иш ўринлари яратилди. Мазкур тадбирлар ҳудудда иқтисодий фаолликни ошириш, аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий ходим Дилдора Худойберганова томонидан овулда яшовчи 1 нафар ёлғиз кекса, шунингдек, 196та кам таъминланган оила, шу жумладан камбағаллик рўйхатига киритилган 41та оила билан алоҳида ишлашиш тартиби йўлга қўйилган. Эндиликда уларга турли соҳаларда ёрдам кўрсатиш мақсадида индивидуал режалар ишлаб чиқиляпти. Шунингдек, 2024 йил мобайнида 7 нафар оғир аҳволга тушиб қолган фуқарога “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Маҳаллада ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, бу тоифадаги шахсларга 2та ногиронлик аравачаси, 2та қўлтиқтаёқ ва 1та ортопедик мослама олиб берилиб, кундалик ҳаётидаги қийинчиликларни енгишга ёрдам берилди.
Бир сўз билан айтганда, Амир Темур номли овул фуқаролар йиғини “еттилиги” ўзининг самарали фаолияти билан аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш ва жамиятда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли учун амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар уларнинг фаровонлигини таъминлаб, жамиятдаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳудуднинг иқтисодий ўсишига, аҳоли даромадларининг ортишига замин яратмоқда. Овул ҳудудида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эса жамиятдаги тинчлик ва осойишталикнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шубҳасиз, “Маҳалла еттилиги”нинг самарали фаолияти нафақат маҳалла аҳли, балки бутун жамият учун иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶