Амударё туманида “Qipchoq hotel” номли янги меҳмонхона фаолият бошлади
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва туризм инфратузилмасини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, тадбиркорлар учун қулай шароитлар ва имтиёзлар берилиши уларга кенг кўламли имкониятлар тақдим этмоқда. Хусусан, меҳмонхона тадбиркорлигининг ривожланиши ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва туризмни янада тараққий эттиришда муҳим ўрин тутади.
Амударё тумани ўзининг географик жойлашуви ва тарихий иншоотлари билан туризм соҳасида катта имкониятларга эга. Туманда хизмат кўрсатиш инфратузилмасининг ривожланиши нафақат иқтисодий ўсишни таъминлаяпти, балки аҳоли фаровонлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти. Бештом маҳалласи ҳудудида қад ростлаган замонавий “Qipchoq hotel” номли меҳмонхона ҳам шу мақсадларга хизмат қилади.
19 январь куни ушбу янги меҳмонхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур хизмат кўрсатиш шохобчаси "Soliy kinochi" МЧЖ раҳбари, тадбиркор Давронбек Эшмуродов ташаббуси билан амалга оширилган бўлиб, Амударё туманининг туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги кўрсаткичларини янада яхшилашга хизмат қилади.
Тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов, ҳоким ўринбосарлари, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали бошлиғи, соҳа масъуллари, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида туман ҳокими Собир Хўжаметов барча қулайликларга эга бўлган янги, замонавий меҳмонхонанинг фаолият бошлаши туманимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлиб, туризм соҳасида кўрсатилаётган хизматлар ҳажмининг ортишига замин яратишини алоҳида таъкидлади. Бу каби лойиҳалар нафақат туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириши, балки аҳолининг турмуш даражасини юксалтириб, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаши эътироф этилди. Меҳмонхона, шунингдек, янги туристик йўналишларни очиш ва ҳудудни халқаро миқёсда танитишда муҳим ўрин тутиши қайд қилинди.
Тадбир иштирокчилари тадбиркор Давронбек Эшмуродов меҳнатини эътироф этиб, унинг келгуси фаолиятида муваффақиятларга тилакдошлик билдирди. Бу лойиҳа фақатгина туристик секторда эмас, балки турли соҳаларда янги истиқболларни таъминлашга хизмат қилиши эътироф этилди.
Меҳмонхона қурилиши 2024 йил давомида замонавий архитектура талаблари асосида амалга оширилди. Лойиҳа тадбиркор Давронбек Эшмуродовнинг ўз маблағлари ва “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ёрдамида қуриб битказилди.
Хизмат кўрсатиш шохобчаси бир вақтнинг ўзида 62 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. Меҳмонхона барча замонавий қулайликлар билан таъминланган. Бинонинг биринчи қаватида умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилган бўлиб, у нафақат меҳмонхона мижозларига, балки маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатади.
Меҳмонхона асосан маҳаллий ва хорижий меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган. Унинг жойлашуви ҳудуднинг табиий гўзаллиги ва тарихий обидаларга яқинлиги билан ажралиб туради.
Тадбиркор Давронбек Эшмуродовнинг режаларига кўра, келгусида меҳмонхонада замонавий хизматларни йўлга қўйиш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро талабларга мос равишда яхшилаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари тадбиркор меҳмохона фаолияти орқали маҳалладаги 10 нафар ишсиз ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаган. Тадбиркор хизмат кўрсатиш соҳасидаги муваффақиятли фаолияти билан халқимиз ҳурматини қозонган ишбилармонлардан саналади. Унинг “Qipchoq choyxona” номли умумий овқатланиш шохобчасида ҳам халқимизга намунали хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶