Туман прокуратураси ходимлари фахрий ҳамкасбини байрам билан табриклашди
Устоз – ҳар бир инсоннинг камолотида муҳим рол ўйнайдиган шахс. Улар бизга билим бериш билан бирга, ҳаётда тўғри йўл танлашга ҳам ёрдам берадилар ва онг-у шууримизга маънавий қадриятларни сингдирадилар. Устозларнинг нафақат таълим ва тарбия жараёнидаги, балки иш жараёнидаги ўрни ҳам ниҳоятда салмоқлидир. Чунки улар амалиётда шогирдларга касб ва ҳунар сир-асрорларини ўргатишга, уларнинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга ва мустақил фикрловчи инсонларга айлантиришга ёрдам берадилар.
Мамлакатимизда 1995 йилдан бери 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Бу санада нафақат бизга ҳарф ёзишни ва ўқишни ўргатган ўқитувчи ва мураббийларимиз олдидаги, балки меҳнат фаолиятимиз давомида маълум бир касбнинг сир-асрорларини қунт билан ўргатган устозларимиз олдидаги бурчимиз ҳам яна бир бора эсга олиб, уларни байрам билан қутлаймиз.
Туманимизнинг мўътабар, эъзозли аёлларидан бири, умр бўйи прокуратура соҳасида машаққатлардан чўчимай фидойи меҳнат қилган Гулора Бобожонованинг номи ҳам ардоқли устозлар қаторида тилга олинади. Байрам арафасида Амударё тумани Прокуратураси ходимлари тизим фахрийсининг хонадонига ташриф буюриб, байрам билан муборакбод этдилар.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ҳамкасбларининг ўз хонадонига ташрифи Гулора опанинг чексиз қувончига сабаб бўлди. Тизимда кўп йиллар давомида фидокорона хизмат қилиб, ёш мутахассисларни тарбиялаш, уларнинг билим ва малакасини ошириш, касбий кўникмаларини ривожлантириш, ёшларни етук мутахассис этиб шакллантириш ҳамда фаолиятни илмий-методик жиҳатдан таъминлаш ишига салмоқли ҳисса қўшгани учун Гулора Бобожонова 2022 йилда “Фахрий ходим” кўкрак нишони билан тақдирланган эди.
Жорий йилнинг январь ойида эса Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан унинг кўп йиллар давомида прокуратура тизимида самарали меҳнат қилгани эътиборга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2024 йил 8 январдаги қарорига мувофиқ “Ибратли аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Фидойи ва камтарин инсон, ўз соҳасининг етук билимдони, прокуратура органларида узоқ йиллар самарали ишлаган Гулора Бобожонованинг меҳнатлари эътироф этилиши мамлакатимизда инсон омилига эътиборнинг бир намунаси, десак адашмаган бўламиз.
Ушбу ташриф Прокуратура органларида ҳам устоз-шогирд анъаналари давом этиб, бу ерда тажрибали кадрлар ёш мутахассисларга билим ва тажриба улашаётганининг, фахрийлар меҳнати қадрланиб, ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат мактаби сифатида қадрланаётганининг амалий исботидир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶