Халқ депутатлари Амударё туман кенгашининг навбатдаги 79-сессияси тўғрисида ахборот
Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг навбатдаги 79-сессияси бўлиб ўтди. Сессия мажлисида Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, туман сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партияларнинг туман кенгашлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессияни 13-Қиличбой сайлов округидан депутат Баҳром Қадиров очди ва олиб борди.
Сессия мажлисида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга оид қатор масалалар юзасидан тегишли масъулларнинг ҳисоботлари ҳамда ахборотлари тингланди.
Хусусан, кун тартибидаги дастлабки – 2024 йилнинг 7 ой давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масала юзасидан туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Мухамметали Хожамуратовнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг 7 ойи давомида туман ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, “Профилактика куни” тадбирлари давомида 108та жиноятлар муҳокама қилинган, 38 минг 76та хонадон ўрганилиб, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган 1 минг 419 нафар шахслар билан ижтимоий профилактик тадбирларни амалга ошириш бўйича “Маҳалла еттиликлари”га хулосалар тақдим этилган. Маҳалла фаоллари томонидан 1 минг 207 нафар ижтимоий профилактика объекти бўлган шахсларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш чоралари кўрилган.
Шундан сўнг сессия кун тартибидаги навбатдаги масала – маҳаллий бюджетнинг 2024 йил 1-чораги ҳолатига электрон савдо майдончасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушадиган маблағлари ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисидаги масала юзасидан туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Жаҳонгир Йўлдошов ҳисобот берди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан туман ҳокимлиги бош мутахассиси Жаҳонгир Ҳайдаров ҳисобот бериб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2024 йил 12 август кунги 22-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобидан умумий майдони 42,2 гектар ер майдонларини очиқ электрон танловга қўйиш таклифини билдирди.
Шундан сўнг Кенгашнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси раиси Музаффар Ешчановнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутатлигига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисида”ги масала юзасидан ахбороти тингланди.
Ахборотда тумандаги участка сайлов комиссиялари аъзолигига таклиф этилган номзодлар Халқ депутатлари Амударё тумани Кенгашининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияси йиғилишида дастлабки тарзда кўриб чиқилгани ҳамда 64та участканинг ҳар бирига 11-13 нафардан жами 754 нафар номзодлар кўрсатилгани таъкидланди.
Депутатлар кун тартибидаги барча масалалар бўйича ахборот ва ҳисоботларни тинглаб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Фаол муҳокамалардан кейин сессия кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶