СИНФ ЖУРНАЛИДА УСТОЗ МУҲРИ БОР
Оддий, фидойи, меҳрибон муаллимларга бағишлайман.
Устозлар қўлидан-қўлига ўтиб,
Ҳар соат синфга қайтаверади.
Гўёки интизом, тартиб ўрнатиб,
Илм-у ирфондан сўз айтаверади.
Синф журналининг саҳфаларида,
Ҳаёт яширинган, ҳаёт – бетакрор.
Тафаккур дунёсин лавҳаларида,
Оддий муаллимнинг оддий муҳри бор.
Карра жадвалида мислсиз қудрат –
Тенгсиз мўъжиза бор саноқларида.
Инкорга ўрин йўқ, мужассам ҳикмат,
Синф журналининг варақларида.
Аста одимлайди синфда муаллим,
Ёзма иш устига эгилган бошлар.
Ақллар чархланиб, чархланиб илм.
Юракларга ҳадсиз ҳайрат бағишлар.
Синф журналига ёзилар бир-бир,
Шогирд камолидан сўзлагувчи дарс.
Мазмунида яшар нечалаб тақдир –
Келажак ҳақдаги мунозара, баҳс.
Ҳайратлар ишонч-у меҳрга пайғом,
Муаллим ва шогирд қалбига туташ.
Уларга бегона кибр ила ёлғон,
Орзу-ниятлари шунчалар уйқаш.
Менделеев даврий жадвалин олиб,
Муаллим сўз айтар: “бунда дунё жам!
Ушбу унсурлардан куч-қудрат олиб,
Мўъжиза яратиб яшайди одам!”
Сўнгра ечилади нечта масала,
Кимё сеҳри билан яшайди синф.
“Кальций карбонат”дан то “литий”гача,
Миқдори, ҳажмига берилар таъриф.
Формулалар қизиқ, масалалар ҳам,
Очилар синфда кимёвий сирлар.
Фақат “молибден”нинг қуввати билан,
Метин занжир каби жами унсурлар.
Шундай давом этар мактабда ҳаёт,
Бир зум тўхтамайди таълим-тарбия.
Она тили, тарих ва адабиёт,
Мисли бир сеҳргар биология.
Архимед, Гей-Люссак... Ньютон кашф этган,
Физик қонунларда минг хил ҳақиқат.
Ўшал ҳақиқатлар ичида ўсган,
Тил билган шогирдлар Ватанга қудрат.
Аъло баҳо олди неча шогирди,
Бўлғуси шифокор, кимёгар, олим.
Юзларда табассум қуёшдай балқди,
Журнални миннатдор ёпди муаллим!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶