РЕФЕРЕНДУМДА ОВОЗ БЕРИШ БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, унда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. “Референдум” сўзининг маъноси давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлашдир.
Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрида”ги Қонун дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур Қонун йиллар давомида халқаро ва Ўзбекистон Республикасида орттирилган амалий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2001 йил 30 август куни янги таҳрирда қабул қилинган. Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади.
Референдумда овоз бериш бюллетени фуқаро томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир. Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.
Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра, янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим. Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабаблар билан овоз бериш биносига кела олмаса, уларнинг илтимосига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.
Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 16 мартдаги мажлиси қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округлари ташкил этилди, референдум ўтказувчи округ комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби турли соҳа вакилларидан иборат жами 266 нафар аъзодан иборат этиб тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида 64 референдум участкаси ташкил этилди, 63 референдум участкасида 13 нафар аъзодан иборат, 1 референдум участкасида 7 нафар аъзодан иборат комиссиялар тузилиб тасдиқланди.
Референдум ўтказувчи комиссия тайёргарлик жараёнида тарғибот-тушинтириш ишларини ташкил этади ва оммавий ахборот воситалари кўмагида ёритиб боради. Шунингдек, қонунчиликка кўра, махаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларни тинглайди. Бундан ташқари, ушбу коммисиялар овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисидаги Қонунга кўра, Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Шунга кўра 19 апрель куни муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди ва ушбу жараён 26 апрелга қадар давом этади.
Қ.Атамурадов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶