Туман ҳокими 1-сектор ҳудудидаги эътиборга муҳтож ёшлар билан учрашди
Маълумки, жорий йилнинг 11 апрель куни Президентимиз раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Йиғилишда дастлаб мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилаётгани ҳақида маълумот берилди. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилди. Эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланиши таъкидланди.
Яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олинди. Шунингдек, ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилиши белгиланган.
Ушбу топшириққа асосан Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашевга 1-сектор ҳудудидаги маҳаллалардан жами 75 нафар эътиборга муҳтож ёшлар бириктирилди.
19 апрель куни туман ҳокими Бойовул маҳалласидаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди.
Самимий мулоқот аввалида мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасига юксак эътибор қаратилиб, Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги ҳуқуқий-норматив база изчил такомиллаштирилиб борилаётганлиги хусусида атрофлича сўз юритилди.
Учрашувда бундан буёғига ёшлар билан ишлаш тизими тубдан ўзгариши, “Ёшлар дафтари” билан ишлашда ёшларни аниматор, дизайнер, логистика оператори, гид каби замонавий касбларга ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Шунингдек, бу тизим билан мактабларнинг 10-11-синф ўқувчилари ҳам қамраб олиниши айтиб ўтилди.
Қолаверса, “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилиши, ёшлар ўртасида касб-ҳунар олимпиадалари ўтказилиб, иқтидорли ёшлар аниқланган ҳолда уларнинг тадбиркорлик қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилиши айтиб ўтилди.
Учрашувда ёшлар томонидан турли мазмундаги таклиф ва мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни туман ҳокимининг шахсан ўзи қайд этиб борди ва тез орада ижобий ҳал этилишини маълум қилди.
Учрашувда фаол ёшлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда, хусусан, туманимизда ҳам ёшлар ҳаётига оид муаммоли масалалар доимий назоратга олиниб, ижобий ечим топаётганидан мамнун эканликларини билдирдилар.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶