МАҲОРАТЛИ ЎЗБЕК ТИЛИ ЎҚИТУВЧИСИ
Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Тил миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир”, деган эдилар. Ҳа, ҳар бир халқнинг ўз она тили унинг шаъни, ғурури. Инсоннинг вужудига она сути билан кирган Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғулари она тилига муҳаббатдан бошланади. Бундай эътиқод ўзбек халқининг қонига сингиб кетган, десак адашмаган бўламиз.
Кейинги йилларда неча асрлар оша аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган она тилимизнинг нуфузини оширишга, унинг давлат тили сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёнинг 65дан ортиқ хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили ўқитилаётгани, ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 50 миллион кишидан зиёд эканлиги тилимизнинг дунё миқёсидаги обрў-эътиборидан дарак беради.
Бунда 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниб, турмушга татбиқ этилганлиги муҳим роль ўйнади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилиб, 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни, Президентнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
2020 йилдан бошлаб 21 октябрь ўзбек тили байрами куни сифатида улкан байрам қилиб келинмоқда. Ўзбек тилининг халқимиз ҳаётида обрў-эътиборини ошириш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодга пухта ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бунда зиёлиларнинг, хусусан, умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич таълим, она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг ҳиссаси залворли.
Туманимизнинг Куюк кўпир овулида туғилиб ўсган ва умумий ўрта таълимни 19-сонли мактабда олган Кумушой Холимбетова ҳам она тилимизни ёш авлодга сидқидилдан ўргатиб келаётган маҳоратли ўқитувчилардан. У Қорақалпоқ давлат университети филология факультетининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимини 2007 йилда тугатиб, ўқитувчилик фаолияти 14-сонли мактабда бошлади. Кейинчалик 26-сонли мактабга ўтди.
Ушбу мактаб дарслар самарадорлигига эришиш борасида тумандаги етакчи муассасалардан бири. Жорий йилда битирувчиларининг 50 фоизидан зиёди мамлакатимиздаги турли олийгоҳлар талабалари бўлишди. Агар олийгоҳларга барча йўналишларда ҳам кириш тест синовларида она тили ва адабиёт мажбурий фан сифатида киритилганини инобатга олсак, муассасада меҳнат қилаётган она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг меҳнатлари нечоғлик натижали бўлаётганини англаш қийин эмас.
Кумушой Холимбетованинг ўқитувчилик фаолиятидаги ютуқлари ҳам ҳавас қилгулик. Ўқувчилари Билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ва бошқада турли танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Унинг дарс ишланмалари туман миқёсида оммалаштирилган. “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловида туманда фахрли ўринни эгаллади, олий тоифали ўқитувчи.
Кумуш Холимбетованинг эришган ютуқлари сабабларидан бири унинг ўз касбини жуда яхши кўргани, ўқувчиларга сидқидилдан сабоқ бергани, бадиий адабиётларни кўп ўқишга жалб қила олгани бўлса, ажаб эмас. Ахир бадиий адабиётларни кўп ўқиган одам ўзбек тили қанчалик бой, жозибадор эканлигини ҳам чуқур англайди.
У ўқувчиларига ўз онасини, Ватанини севган одам она тилини ҳам севиши, мукаммал ўрганиши, ўз тилида бехато ёзишни билиши кераклигини чуқур сингдиришга интилади. Қолаверса, уни оиласида қўллаб-қувватлайдиган, янги-янги интилишларга ундайдиган, рағбатлантирадиган ҳамкасб турмуш ўртоғи бор. Улар уч нафар фарзандларни ҳамжиҳатликда комил инсонлар қилиб вояга етказишмоқда.
Аёл оиласидан кўнгли тинч, хотиржам бўлса, жамоасида, оиласида қўллаб-қувватланса, албатта у кўп хайрли ишларга қодир бўлади. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Кумушой Холимбетова ҳали ўқитувчилик фаолиятида кўпгина ютуқларга эришишига шубҳа йўқ.
Севара ИСМОИЛОВА, ҚДУ талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶