АМАЛИЁТЧИ ПСИХОЛОГЛАР УЧУН АМАЛИЙ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, қизларнинг соғлом, илмли, интеллектуал салоҳиятли бўлиб камолга етишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
Ушбу механизмнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларида ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, соҳадаги муносабатларни тартибга солишни, тазйиқлар, зўравонликлардан жабрланганларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашни ҳам ўз ичига олган. Соҳага доир бошқада кўпгина меъёрий ҳужжатларда аёл-қизларнинг яшаш, ишлаш, таълим олиш, фаровон турмуш кечиришини таъминлаш кўзда тутилган.
Хўш, аҳоли булардан тўла хабардорми?
Шу масалада ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 5 октябрь куни Амударё туманидаги 16-сонли мактабда “Хотин-қизлар ўртасида гендер зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда туман Халқ таълими бўлими методист психологлари Татьяна Пирлепесова, Нурбек Сейтбоев, шунингдек туманимизнинг 49 та овул ва маҳаллаларига бириктирилган амалиётчи психологлар иштирок этдилар.
Семинарда тренер психологлар – 3-сонли мактабнинг амалиётчи-психологи Алмагул Бекмуродова, 58-сонли мактаб амалиётчи психологи Симбат Пирназаровалар гендер зўравонликнинг ўзи нима эканлиги , унинг ижтимоий хавфи хусусида маъруза қилдилар.
Шунингдек, гендер зўравонликни бошидан кечирган жабрланувчига ёрдам бериш, уларга кўрсатиладиган хизматлар махфийлиги кафолатини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида уларга психологик ёрдам кўрсатиш усуллари тренинг машғулотлари ва ўйинлар орқали ифодалаб тушунтирилди.
Гендер зўравонликка учраган жабрланувчидаги кузатиладиган психологок ҳолатлар, хусусан умидсизлик, ғазаб, чорасизликдан сиқилиш, ҳолсизлик, доимий хавфдан қўрқув, ўзини ёлғиз ҳис этиш, ўзига нисбатан ишончсизлик каби ҳолатдаги аёл-қизлар билан суҳбатлар олиб бориш йўл-йўриқлари хусусида кўрсатмалар берилди.
Тадбир туманимиз овул ва маҳаллаларида фаолият юритаётган амалиётчи психологларга ўз ҳудудларидаги гендер зўравонликка учраган аёл-қизларнинг психологик ҳолатини чуқур ҳис этиш, уларнинг шахсини ўрганиш, суҳбат ўтказиш давомида жабрланувчи билан қандай муносабатда бўлиш кўникмаларига эга бўлишига ёрдам берди.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган масалалар, саволлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶