АМУДАРЁДА ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН КАТТА ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Дунёни зиё нурлари билан ёритиб келаётган ўқитувчи ва мураббийлар катта эҳтиромга, эътибору-эъзозга лойиқ бўлган мўътабар инсонлардир. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан камол топса, шубҳасиз бунда устозларнинг ҳиссаси беқиёс. Шу боис бизга таълим-тарбия берган, олдида умрбод қарздор бўлган, абадий ҳурматимиздаги бу фидойи касб эгаларга миннатдорчилигимиз чексиз.
Юртимизда ушбу улуғ инсонларга юксак эҳтиром кўрсатиш мақсадида ҳар йили 1 октябрь санасида Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Байрам муносабати билан Амударё туманида ҳам катта тадбир ўтказилди.
“Таъзим сизга, Устозлар!” деб номланган мазкур тадбир 30 сентябрь куни туман Маданият маркази концерт залида бўлиб ўтди.
Байрам тантанасига ташриф буюрган азиз меҳмонлар – фахрий устозлар, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, касб-ҳунар таълими, мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог-ходимлари, спорт мураббийларини ўқувчилар қўлларида гуллар билан қарши олдилар.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар маданият уйининг кириш қисмидаги китоблар, турли фотосуратлар, макетлар, ўқувчиларнинг ижодий ишлари, қўл меҳнати намуналаридан иборат кўргазмаларни томоша қилдилар ва 9-, 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларидан ташкил қилинган оркестр ижросидаги куй-қўшиқларни тингладилар.
Байрам тадбирида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, секторлар раҳбарлари, Халқ таълими, Мактабгача таълим бўлимлари масъуллари иштирок этиб, масъулиятли ва шарафли касб эгаларини байрам билан муборакбод этдилар. Бутун ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган улуғ ва олижаноб касб эгаларига самимий тилаклар билдириб, соҳадаги ютуқлар тилга олиб ўтилди.
Таъкидланганидек, юртимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилди. Давлатимиз раҳбари бу жараёнда инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Бу каби ислоҳотлар Амударё туманида ҳам ўз аксини топиб, ижобий самараларини бермоқда. Бунга далил сифатида соҳадаги ўзгаришлар, ютуқларни келтириб ўтиш мумкин. Туманда бундан 5 йил олдин 37 та боғча фаолият юритиб, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 25,7 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бундай муассасалар сони 123 тага, тизимдаги қамров даражаси салкам 71 фоизга етди. Шунингдек, мавжуд 85 та умумий ўрта таълим мактабларида 38 минг 496 нафар ўқувчилар сифатли таълим-тарбия олишмоқда. Ўқувчиларга янада қулай шароитлар яратиш мақсадида биргина жорий йилда 55-сонли мактабга 330 ўринли, 76-сонли мактабга 360 ўринли, 14-, 18-, 36- ва 69-сонли мактабларнинг ҳар бирига 180 ўринли қўшимча бинолар қурилмоқда.
Президентимизнинг Фармонига кўра байрам арафасида таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ушбу Фармонга мувофиқ туманимиздаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг француз тили фани ўқитувчиси Гулбаҳор Саидованинг II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, 39-сонли умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Саида Муратбоева эса “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони билан тақдирлангани амударёлик устоз ва мураббийларнинг меҳнатларига берилган юксак баҳодир.
Табриклардан сўнг, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ҳамда секторлар раҳбарлари таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ўқитувчиларга тантанали равишда Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими фидойиси”, Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси”, Қорақалпоғистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонларини, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиқларини ҳамда ташаккурномалар, қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширдилар.
Тадбир давомида саҳнага ўрнатилган катта монитор орқали соҳадаги ушбу ислоҳотларнинг амалдаги самараси сифатида туманимиз умумтаълим мактабларида яратилган замонавий шароитлар ва берилган имкониятлардан фойдаланиб, машғулотлар ўтаётган устозларнинг дарс жараёнлари, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг турли тадбирлардаги иштироки тасвирланган лавҳалар намойиш этиб борилди.
Байрам тантанасига туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган катта мусиқий дастур янада файз киритди. Дастур давомида байрам иштирокчилари туман Маданият бўлими хонандалари, тўгараклар ҳаваскорлари, 9-, 21-сонли мусиқа мактаблари, “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ижросидаги куй-қўшиқларни тинглаб, дилрабо рақсларни томоша қилиб, маданий ҳордиқ чиқардилар.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶