ТЎЛҚИН ОВУЛИДА ЯНГИ ОИЛАВИЙ ШИФОКОРЛИК ПУНКТИ ИШ БОШЛАДИ
Тўлқин овули ҳудудида янгидан Тўлқин оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.
Шу йил 19 май куни бўлиб ўтган маросимда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Рашид Салаев, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош онкологи Мирзоғолиб Тиллашайхов, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Мурод Қурбанов, туман Тиббиёт бирлашма бошлиғи Фахриддин Абдуллаев, овул фуқаролар йиғини масъуллари, фаоллари ва тиббиёт ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Рашид Салаев очиб берди ва мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ бугун, ҳаттоки, энг чекка қишлоқларда ҳам шаҳар марказларидагидан қолишмайдиган замонавий шифо масканлари қад ростлаётгани, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини давр талаблари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаб ўтди.
Маросимда сўзга чиққанлар, овул аҳолиси ҳудуддаги тиббиёт муассасаси фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолгани туфайли, шифокор хизматига эҳтиёж сезилганида туман марказига боришга тўғри келаётгани, бу кекса ва ёш болалар соғлигини назорат қилиш, даволанишларида қийинчилик, ноқулайликлар туғдираётгани, тиббиёт масканининг қайта ташкил этилгани бу аҳолига айни муддао бўлаётгани айтиб ўтишди.
Таъкидланганидек, 2017 йилда Тўлқин қишлоқ врачлик пункти оптимизация қилиниб, фаолияти тўхтатилган эди. Аммо аҳолининг мурожаатлари, тумандан олис ҳудуд эканлиги инобатга олиниб, оилавий шифокорлик пункти сифатида фаолияти қайта йўлга қўйилди. Ҳозирда бу ерда 3 нафар шифокор ва 12 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига малакали хизмат кўрсатиш учун жалб этилган.
Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазири Мурод Қурбанов ҳам сўзга чиқиб, Президентимизнинг Фармонлари ва видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифаларнинг ижроси сифатида Амударё туманидаги Тўлқин овулида ҳамма шарт-шароитларга эга оилавий шифокорлик пункти янгидан иш бошлагани, улар малакали шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлангани, бу эса ўз навбатида аҳолининг бирламчи тиббий хизмат қамровини ва сифатини таъминланишини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, рамзий тасма кесилди ва барча йиғилганлар тиббиёт масканида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб чиқдилар.
Тиббиёт масканида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган барча имкониятлар етарли. Аёллар, болалар ва кексалар учун алоҳида хоналар, шунингдек, стоматология бўлими, лаборатория, кундузги стационар ҳам мавжуд. Янги иш бошлаган оилавий шифокорлик пункти зарур тиббий асбоб-анжомлар, жиҳозлар билан таъминланган. Қолаверса, шифокорларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Тўлқин овули фаоллари ва аҳолиси эндиликда тиббий хизматдан фойдаланиш учун туман марказига бориб юрмасликлари, куз-қишнинг совуғи, баҳор ойларидаги ёғингарчиликда аҳоли сарсон бўлмаслиги, ўз қишлоғида яқин масофада жойлашган тиббиёт масканида профилактик эмлаш, кундузги стационарларда даволаниш имкониятига эга бўлганлигини айтиб, Президентимизга, Соғлиқни сақлаш Вазирлигига ўз миннатдорчилигини билдирдилар.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶