ҚУМЁП МФЙДА ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИ БОШ ШИФОКОРИ АҲОЛИ СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИШЛАР ХУСУСИДА ҲИСОБОТ БЕРДИ
Шу йилнинг 18 мартида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан бўлган очиқ мулоқотида фидойилик билан меҳнат қилаётган шифокорлар меҳнатига юксак баҳо бериш баробарида соҳада ҳали қилиниши керак бўлган вазифаларга ҳам кенг тўхталган эди.
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотда белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг ижросига қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Туман Тиббиёт бирлашмасида бу борада “Йўл харита” ишлаб чиқилиб, шу асосда кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, жорий йилнинг 23 апрелида Қумёп маҳалласида туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Фахриддин Абдуллаев аҳоли соғлиғини сақлаш борасида маҳаллада олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Тадбирга маҳалла фаоллари, нуронийлар ва тиббиёт ходимлари иштирок этдилар. 39-сонли мактаб фаоллар залида бўлиб ўтган тадбирни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумабой Матёқубов очди ва олиб борди.
Туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқди. У ўз маърузасида маҳаллада соғлиқни сақлаш борасида олиб борилаётган ишларга кенг тўхталди.
Таъкидланганидек, туман марказидан олисда жойлашган Қангли овули ҳудудидаги Қумёп маҳалласи аҳолисига тиббий хизматдан фойдаланишда қулайлик яратиш учун контейнер қўйилиб, 3 та аҳоли пунктларидаги 1921 нафар аҳолига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Қумёп маҳалласида жами 4341 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга Қангли овулида жойлашган Қангли оилавий шифокорлик пункти орқали бирламчи тиббий хизмат кўрсатилади. Маҳалланинг энг олис ҳудуди ушбу пунктдан 14 километр масофада жойлашганлиги учун жорий йилнинг 1 чорагида туман Тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникаси тор доира мутахассислари иштирокида маҳалланинг чекка ҳудудларида тиббий кўриклар ўтказилди. Тиббий кўрикларга жами 4221 нафар аҳоли қамраб олинди. Кўриклар давомида 17 та хонадонда уйда ётиб қолган ногиронлиги бор беморлар аниқланиб, тиббий текширувдан ўтказилди.
Шунингдек, текширувлар давомида 3 нафар фуқарода ўт-тош касаллиги аниқланиб, улар жарроҳлик амалиёти билан даволанди. Ҳудуддаги 39-сонли, 61-сонли, 74-сонли мактаблар ўқувчилари, 44-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари 100 фоиз тиббий кўрикдан ўтказилди.
2021 йилги хатлов натижасига кўра Қумёр маҳалласи бўйича 583 нафар аҳоли диспансер назоратида туради. Шуларнинг 86 нафари ногиронлиги бўлган фуқаролар бўлиб, тиббиёт ходимлари улардан мунтазам хабар олиб туради. Жорий йилда маҳаллада 20 нафар чақалоқ дунёга келди. Болалар, оналар ўлими қайд этилмади. Шу йилнинг ўтган уч ойида жами 238 нафар болалар профилактик эмланди.
Бош шифокор ҳисоботидан сўнг туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбоев, Қангли оилавий шифокорлик пункти мудири Замира Сапарова, Қумёп маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумабой Матёқубовлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Маҳалла фуқароларидан Райҳон Юсупова, Сапаргул Эшмонова, Робиға Ғойибназаровалар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнунлигини изҳор этдилар.
Шунингдек, туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокорли Фахриддин Абдуллаев иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берди ҳамда келгусида тиббий хизмат ҳажми ва сифатини янада яхшилаш чора-тадбирларини кўрилишини маълум қилди.
Йиғилишда туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиёт ходимлари билан учрашувда белгилаб берган вазифаларини Қумёп маҳалласида ижро қилиш бўйича амалга ошираётган ишлари қониқарли деб топилди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶