«ШИРИН БУЛОҚ»ЛИК ПАХТАКОРЛАРНИНГ ҲОСИЛ ХИРМОНИ 250 ТОННАДАН ОШДИ
Кузнинг қуёшли кунларини ғанимат билиб, пахта йиғим-терим мавсумини кун сайин авж олдираётган фермер хўжаликлари ижарачилар ва кўнгилли ҳашарчилар ёрдамида бирин-кетин шартномавий режаларини адо этиб, мажбурият ҳисобига пахта топширишмоқда.
Туманимизнинг Хизр эли маҳалласи аҳолиси эса ҳудуддаги фермер хўжаликлари ижарачи-деҳқонларига пахта йиғим-теримида яқиндан ёрдам беришмоқда. Маҳалла ҳудудидаги “Ширин булоқ” фермер хўжалиги далаларида ҳар куни 200 нафарга яқин кўнгилли ҳашарчилар йиғим-теримда ижарачилар билан бир сафда меҳнат қилишмоқда.
“Ширин булоқ” фермер хўжалиги нафақат Қиличбой ҳудудида, балки Амударё туманидаги илғор пахтачилик хўжаликларидан бири ҳисобланади. Нодирбек Аллаберганов раҳбарлигидаги мазкур фермер хўжалиги деҳқонлари жорий деҳқончилик йилида 90 гектар ерга чигит экдилар.
Хўжалик далаларига чигит ўз вақтида, сифатли қилиб экилгач, гектарларда бир текис ниҳол олинди. Баҳорги, ёзги агротехник тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ғўза яганаси, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш, озиқлантириш ва чилпиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Мавсум давомида қилинган фидокорона меҳнат ўз самарасини берди, далаларда мўл ҳосил тўпланди ва ўз вақтида, сифатли амалга оширилган ғўза дефолиацияси туфайли далаларда пишиб-етилган кўсаклар қийғос очилди.
“Аmudaryotex” кластер коронаси билан тузилган шартномага кўра, 182 тонна юқори сифатли саноат хом ашёсини етиштириш белгиланди. Пахта йиғим-теримини кўтаринки кайфиятда бошлаган хўжалик пахтакорлари йиғим-терим мавсумининг дастлабки кунлариданоқ шартномавий режаларини шараф билан адо этдилар.
Айни кунларда мажбурият ҳисобига пахта топширишаётган “Ширин булоқ”лик пахтакорлар режадагидан 68 тонна зиёд, юқори сифатли пахта топширишиб, фермер хўжалигининг умумий ҳосил хирмонини 250 тоннага етказдилар.
“Аmudaryo tex” кластер корхонаси раҳбари Бозорбой Сафарбоев ва Хизр эли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Тўраевлар “Ширин булоқ” фермер хўжалиги далаларида бўлишиб, йиғим-теримда иштирок этаётган ижарачи-деҳқонлар ва Хизр эли маҳалла фуқаролар йиғинининг бир гуруҳ кўнгилли ҳашарчилари билан учрашдилар.
Пенсионер, лекин ёшлар билан баб-баравар пахта тераётган Хизр элилик онахонларга пахтакорлар меҳнатини енгиллаштириб, қўл-қанот бўлаётганликлари учун миннатдорчилик билдиришди. Кунига 150-180 килодан пахта териб, фермер хўжалиги хирмонига муносиб ҳиссаларини қўшаётган илғор теримчилардан Тозагул Ортиқовага телевизор, Дармонжон Абдуллаевага сув қайнатгич, Венера Меножевага духовка совға қилдилар.
Ўз навбатида ҳалол ва фидойи меҳнатлари рағбатлантирилгани учун ижарачи ва кўнгилли ҳашарчи-теримчилар “Аmudaryo tex” кластер корхонаси раҳбари Бозорбой Сафарбоевга ва Хизр эли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Тўраевларга ўз миннатдорчилик изҳор этишиб, туманимизнинг юксак ҳосил хирмонини бунёд этишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшажакларини билдирдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶