Интернет ва ёшлар: имконият ва хатарлар
Бугунги глобаллашув жараёнида интернет ва ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Facebook, Instagram, Telegram, TikTok каби платформалар нафақат мулоқот воситаси, балки ахборот олиш, билим алмашиш ва бўш вақтни ўтказиш майдонига ҳам айланган.
Айниқса, ёшлар ҳаётида ижтимоий тармоқларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Шубҳасиз, интернетнинг ижобий жиҳатлари ҳам кўп. У орқали тезкор ахборот олиш, масофавий таълимдан фойдаланиш, янги билим ва кўникмаларни эгаллаш мумкин. Ёшлар учун бу замонавий имкониятлар эшиги бўлиб хизмат қилмоқда.
Турли онлайн курслар, таълим платформалари ва фойдали контентлар уларнинг интеллектуал ривожланишига ёрдам бермоқда. Бироқ, интернет ва ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсирларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Назоратсиз фойдаланиш натижасида ёшлар вақтини беҳуда сарфлаш, ўқишга бўлган қизиқишнинг пасайиши ва реал ҳаётдаги мулоқотдан узоқлашиш каби ҳолатларга дуч келмоқда.
Айрим ҳолларда нотўғри ахборотлар, зарарли контентлар ҳам ёшлар тафаккурига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, ижтимоий тармоқлардан ҳаддан ташқари фойдаланиш диққат жамланишининг пасайишига, фикрлаш мустақиллигининг сусайишига ва психологик босимларнинг кучайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Шу сабабли, интернетдан фойдаланишда меъёрни сақлаш жуда муҳим ҳисобланади. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларни тўғри йўналтирилган ҳолда фойдаланиш катта имкониятлар яратади. Масалан, фойдали саҳифаларни кузатиш, илмий ва таълимий контентлардан фойдаланиш ҳамда касбий ривожланишга хизмат қилувчи маълумотларни ўрганиш ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, интернет ва ижтимоий тармоқлар — бу фақат восита. Уларнинг инсон ҳаётига ижобий ёки салбий таъсири улардан қандай фойдаланишга боғлиқ. Ёшлар ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз билимини ошириши ва маънавий ривожланишига хизмат қилиши лозим.
Шоҳрух Суронов,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶