Амударё туманида кадастр хизматлари сифати ва қамрови ошмоқда
Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Амударё тумани филиали томонидан жорий йил бошидан бугунги кунгача қатор амалий ишлар қилинди.
Филиал томонидан ҳудудда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай ва сифатли кадастр хизматларини кўрсатиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ЎРҚ-937-сон Қонуни ижросини таъминлаш доирасида кенг кўламли хатлов ишлари ташкил этилди.
Мазкур қонун талаблари асосида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш, уларни техник инвентаризация қилиш ҳамда электрон йиғма жилдларини шакллантириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Жумладан, 3 та маҳалла фуқаролар йиғинида жами 2205 та кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди. Ҳозирги кунда ушбу жараён изчил давом эттирилиб, туманнинг Бўз солма маҳалла фуқаролар йиғинида хатлов ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар учун давлат хизматларини янада қулайлаштириш мақсадида кадастр паспортларини расмийлаштириш ишлари ҳам жадаллик билан амалга оширилмоқда. Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 553 нафар жисмоний ва юридик шахсларга кадастр паспортлари шакллантириб берилди. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезкорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги 71-сон қарори ижроси юзасидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарорнинг 2-иловасига асосан ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳамда улар юзасидан ваколат доирасида хулосалар бериш ишлари олиб борилди. Ҳисобот даврида умумий майдони 1,18 гектарни ташкил этувчи 4 та ер участкаси бўйича таклифлар киритилди. Шундан 2 та ер участкаси ҳозирги кунда аукцион савдоларига чиқарилган бўлса, қолган 2 та ер участкаси бўйича муҳокама жараёнлари давом этмоқда.
Умуман олганда, филиал томонидан амалга оширилаётган ушбу ишлар ҳудудда ер ва кўчмас мулкдан самарали фойдаланишни таъминлаш, мулк ҳуқуқларини қонуний расмийлаштириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда. Келгусида ҳам ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш ва такомиллаштириш режалаштирилган.
Ш.Султанов, Давлат кадастрлари палатаси Амударё тумани филиал бошлиғи

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶