Жўқорғи Кенгес Раиси Амударё туманига ташриф буюрди
16 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев Амударё туманида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида туманга ташриф буюрди.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида бўлгани каби Амударё туманида ҳам аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ташриф давомида Жўқорғи Кенгес Раиси Чойкўл овули ҳудудидаги “Чойкўл Дўстлик” фермер хўжалиги даласида бўлиб, Хитой давлатидан олиб келинган пахта териш машинасининг иш жараёни билан танишди. Ушбу замонавий техниканинг имкониятларини кўздан кечирар экан, унинг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур хўжаликда Хитойнинг “Fm Word” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган пахта териш машинасидан самарали фойдаланилмоқда. Ушбу техника қолдиқ толаларни самарали ажратиши, майдондаги қўшимча ишларни тез амалга ошириши ва операторлар учун қулай эканлиги билан фермер ва ишчиларга манзур бўлмоқда.
Замонавий машиналарнинг пахта йиғим-теримини қисқа муддатларда якунлаш ва иқтисодий самарадорликни оширишдаги аҳамияти беқиёсдир. Бундай техникалар меҳнат унумдорлигини оширибгина қолмай, балки фермер хўжаликларининг харажатларини камайтиришга, ҳосилни тез ва йўқотишларсиз йиғиб-териб олишга хизмат қилади.
Жўқорғи Кенгес Раиси туманнинг Бештом маҳалласи ҳудудидаги “Amu karavan hotel” МЧЖ томонидан ташкил этилган меҳмонхона хизмати лойиҳаси, Ойбек маҳалласидаги “Ойбек мебель” МЧЖ томонидан йўлга қўйилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси, шунингдек, “Ёқуббой Аширов” фермер хўжалиги томонидан Хитой технологияси асосида ишга туширилган пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар уруғларини қайта ишлаш лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишди. Бундан ташқари, “Бекман Аллаберганов” фермер хўжалигининг экин майдонидаги теримчилар ҳолидан ҳам хабар олиниб, илғор теримчиларга совғалар топширилди. Дўрман овулида янгидан ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Шу куни Жўқорғи Кенгес Раиси бошчилигида “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида 600 хонадонли кўп қаватли уйларни қуриш лойиҳасига старт берилди.
Ташриф сўнгида Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифалар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳамда аввал берилган топшириқлар ижросига бағишланган мажлис ўтказилди.
Мажлисда республика миқёсидаги вазирликлар, идора, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Мажлисда маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, давлат дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, янги корхоналар ташкил этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, камбағалликни қисқартириш, фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш борасидаги вазифалар ижроси танқидий кўриб чиқилди.
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги энг аввало қуйи даражадаги раҳбарларнинг масъулиятига боғлиқ экани яна бир бор таъкидланди. Ҳар бир раҳбар ўз ҳудудидаги муаммоларни чуқур ўрганиши, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиши ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун аниқ чора-тадбирларни амалга ошириши лозимлиги қайд қилинди. Бу эса ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Жўқорғи Кенгес Раиси фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, банк хизматлари ва бозор инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам берилган топшириқларнинг ижроси хусусида сўз юритиб, бу борадаги камчиликларни бартараф қилиш, режалаштирилган кўрсаткичларга ўз муддатида эришиш учун масъулият билан ёндошиш лозимлиги хусусида тўхталди.
Йиғилишда шунингдек, мазкур ишларни амалга оширишда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, ўз вазифасини бажаришда қолоқликка йўл қўйган айрим масъулларга интизомий жазо қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда берилган топшириқлар мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқишда ҳам муҳим восита бўлди. Асосий мақсад – аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва ҳудуднинг барқарор тараққиётини таъминлашдир. Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир фуқароси учун муносиб турмуш шароитини яратиш йўлидаги бу каби саъй-ҳаракатлар келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶