Амударё туманида “Илк ривожланиш маркази” иш бошлади
Амударё туманида таълим соҳасида муҳим янгилик — замонавий “Илк ривожланиш маркази” ўз фаолиятини бошлади. Ушбу марказ туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳузурида ташкил этилиб, болажонлар илк бора илм-фан оламига етаклаш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун қулай шароит яратишга қаратилган.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистан Кожабаева, туман ҳокими Собир Хўжаметов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сайлаубай Данияров ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ялғаш Шомуратовлар ҳамда соҳа масъуллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, мактабгача таълим билан қамровни кенгайтириш борасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Марказнинг бош мақсади — ҳали мактабгача таълим тизимига қамраб олинмаган болаларни, хусусан, “Камбағаллик реестри”даги оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган 2–7 ёшли болаларни бепул таълим жараёнига жалб этишдир. Бу орқали нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари ва яқинларига ҳам катта шароитлар яратилади.
Замонавий, энг сўнгги ўқув-услубий воситалар билан жиҳозланган марказда ёруғ ва шинам синф хоналари, хавфсиз ўйин майдончалари ташкил этилган. Бу эса болажонларнинг нафақат билим олиши, балки соғлом, бахтиёр ва қувноқ улғайиши учун мустаҳкам замин яратади. Дастлаб 240 нафар бола марказга қамраб олиниб, таълим жараёнлари икки сменада, тўрт соатдан ташкил қилинади.
Шунингдек, марказда инклюзив таълим тизими ҳам жорий қилинмоқда. Алоҳида парваришга муҳтож болалар учун махсус шароит яратилган бўлиб, индивидуал ўқитиш жараёнлари уйга ташрифлар орқали ҳам ташкил этилади. Бу эса ҳеч бир болани таълимдан четда қолдирмаслик тамойилини амалга оширишга замин яратади.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги 330-сонли қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Қарорда 2025 йилда Амударё, Чимбой ва Тўрткўл туманларида “Илк ривожланиш марказлари” иш бошлаши белгиланган. Келгусида эса бундай марказлар босқичма-босқич барча туман ва шаҳарларда ташкил этилиши режалаштирилган.
Очилиш маросимлари бир вақтнинг ўзида Чимбой ва Тўрткўл туманларида ҳам параллел равишда ташкил қилиниб, бошқа туманлардаги иштирокчилар онлайн платформа орқали Амударё туманидаги маросимни бевосита кузатиб бордилар.
Марказларда 2–6 ёшли болалар учун “Ўйин” гуруҳлари, катта ёшдаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун эса махсус “Мактабгача таълим хизмати” ташкил этилади.
Мазкур “Илк ривожланиш марказлари” нафақат болажонлар учун, балки бутун жамият келажаги учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки болажонларнинг келажакда илмли, соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши, айнан бугун ташланган мана шундай қадамлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶