ҲУДУДЛАРДА БАРПО ЭТИЛАЁТГАН БИНО ВА ИНШООТЛАР СИФАТИ ЮЗАСИДАН НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА
Қурилиш ва коммунал хўжалик соҳаси ҳар бир фуқаронинг ҳаёти ва фаровонлиги билан боғлиқ бўлган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда халқимизнинг дидига, миллий-маънавий қадриятларига мос, яшаш учун қулай шароитларга эга уй-жойлар барпо этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда ва шунга мос равишда қурилиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, фақат ўтган 2024 йилнинг ўзида мамлакатимизда 40 млн. квадрат метрдан зиёд бино ва иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ҳудудларда 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2044 та кўп квартирали уй-жойлар барпо этилган. Бу каби бунёдкорлик ишлари жорий 2025 йилда ҳам давом эттирилиб, йил охиригача 120 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.
Ушбу кенг кўламли дастурий бунёдкорлик ишларини молиялаштиришга 15 триллион 500 млрд сўм, “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” томонидан 2,3 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Бунинг ёрдамида 70 мингта хонадонни ипотека кредити орқали сотиш режалаштирилган ва кам даромадли оилалар учун 30 минг хонадонга бошланғич бадал давлат бюджетидан субсидия орқали тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Албатта, амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ишлари давлатимиз томонидан қатъий белгиланган тартиб-қоидалар асосида назоратга олинган бўлиб, қурилиш ишлари олиб борилаётган ва фойдаланишга топширилаётган объектларнинг сифатига жиддий эътибор қаратилади. Шундай бўлса-да сўнгги 2 йилда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида 5,5 мингдан ортиқ қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 апрелдаги “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 66-сонли Фармони ижросини таъминлаш, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида амалга оширилаётган бино ва иншоотлар қурилишида сифат ва самарадорлик ҳолатини ўрганиш, соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш мақсадида айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат Инспекцияси томонидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Беруний тумани Тўқимачи маҳалласи ҳудудидаги Кат кўчасида “Беруний агроқурилиш” МЧЖ томонидан барпо этилаётган 5 қаватли, 30 хонадонли турар жой биноси қурилиши объектида ҳудудий назорат Инспекцияси инспекторлари томонидан мониторинг ўтказилганда, объект қурилишида қоидабузарликлар аниқланди. Олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, бинонинг эшик ва дераза тўсинлари учун лойиҳада белгиланган 22 сантиметрли монолит камар ўрнига бошқа сифатсиз материалдан фойдаланилган. Лойиҳага зид равишда қалинлиги 22 сантиметр эмас, 16 сантиметр қилиб ўрнатилган. Шунингдек, бинонинг 3-қаватидаги деворига 31 кубометр сифатсиз ғишт терилган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида сифатсиз терилган ғиштлар жойида буздирилди ва бинонинг эшик ҳамда дераза тўсинларини лойиҳада белгиланган тартибда ўрнатиш таъминланди. Ушбу ҳолатлар бўйича масъулларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилди.
Беруний тумани Тўқимачи маҳалласи Кат кўчасида “Уста Бозорбой” хусусий қурилиш корхонаси қурувчилари томонидан барпо этилаётган 5 қаватли 20 хонадонли турар жой қурилиши объектида ҳам ҳудудий назорат Инспекцияси инспекторлари томонидан мониторинг ўтказилди.
Назорат тадбирлари жараёнида объектнинг 1-қаватидаги эшик ва деразалар учун мўлжалланган монолит тўсин-камарлар ўрнига лойиҳага зид равишда йиғма темир-бетон тўсинлар ўрнатилгани аниқланди. Масъулларга бино қурилиши лойиҳасида белгиланган материаллардан фойдаланиш зарурлиги тушунтирилиб, олиб борилган сифатсиз қурилиш жойида буздирилди ва қурилишни тегишли лойиҳа бўйича бажариш мажбурийлиги тўғрисида ёзма кўрсатма берилди.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат Инспекцияси ходимлари томонидан Республикамиз ҳудудларида барпо этилаётган бино ва иншоотлар қурилишида юксак сифат ва самарадорликни таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда. Мақсад – аҳолининг ҳар томонлама қулай ва яхши шароитларга эга уй-жойларда яшашларини, турмуш фаровонлигини оширишни таъминлашдир.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶