21 апрелдан 27 апрелга қадар “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилмоқда
Юртимизда китобга бўлган эътибор, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилдан буён ҳар йили апрель ойида ўтказиб келинаётган “Китобхонлик ҳафталиги” мутолаага ошно миллионлаб юртдошларимизни бир мақсад атрофида жипслаштириб, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” 21 апрелдан 27 апрелга қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилади. Бу йилги ҳафталик тадбирлари янада кенг қамровли ва мазмун жиҳатдан бой тарзда ташкил этилмоқда.
21 апрель куни Амударё туман Ахборот-кутубхона марказида маърифий ҳафталикнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир туман Маданият бўлими, амударёлик ижодкорлар, Kўзи ожизлар махсус кутубхонаси, “Баркамол авлод” болалар маркази, 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда 3-сонли умумтаълим мактаби ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирни туман Маданият бўлими ходими, “Ватан фидойиси” кўкрак нишони соҳиби Ойбекжон Бегимов кириш сўзи билан очиб берди ва китоб инсоннинг энг содиқ ҳамроҳи эканлиги, унинг ҳаётдаги ўрни беқиёслиги, китоб орқали келажакка парвоз қилиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, китоб тарбия воситаси сифатида беқиёс аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан китоб инсон маънавиятининг кўзгуси эканлиги, унинг тафаккур ва дунёқарашни бойитишдаги ўрни ҳақида фикрлар билдирилди. Маърузачилар ёшларни китоб билан дўстлашишга, маънавий етуклик сари интилишга чорладилар.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрда қабул қилинган “2020–2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури” доирасида ана шундай ҳафталиклар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу эса аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқишни ошириш, маънавий-интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида мамлакатимиз бўйлаб 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, жумладан, Тошкент шаҳридаги “Dream Park” истироҳат боғида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида “Ноширдан китобхонга” тамойили асосида китоб ярмаркалари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Тадбир доирасида янги адабиётлар кўргазмаси ташкил этилиб, Шаҳноза Оллаберганова ва Интизор Йўлдошевалар томонидан иштирокчиларга янгиликлар бўйича батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, Тазахан Қидирниязова ва Шоҳида Оллаберганова кутубхонага эсдалик сифатида китоблар совға қилдилар.
Фаол китобхонлар, 3-сонли ва 55-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари, 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда “Баркамол авлод” маркази ўқувчиларининг бадиий чиқишлари тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади. Истеъдодли ёшлар томонидан халқ қўшиқлари ижро этилди, таниқли шоирлар шеърлари ифодали ўқилди.
Тадбир якунида Ахборот-кутубхона маркази ходими Мақсуда Бекашева ҳафталик давомида ўтказиладиган тадбирлар ҳақида иштирокчиларга маълумот бериб, китобхонларни фаол иштирок этишга чорлади.
Айниқса, сўнгги йилларда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини интернет тармоқларида жойлаштириш, уларни кенг оммага етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгаяётгани алоҳида таъкидланди.
Ҳафталик доирасида ёшлар ўртасида викториналар, шеърият кечалари, маҳаллий ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил этилади. Ушбу ташаббуслар орқали “Китобхонлик ҳафталиги”нинг ҳар бир хонадонга кириб боришига эришиш, китобни аҳоли ва ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш мақсад қилинган.
Роҳатой Романова, туман Ахборот-кутубхона маркази библиография хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶