Қангли овулида сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларда замонавий инфратузилмани яхшилаш ва соғлом ҳаёт шароитини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда аҳолини тоза ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани бежиз эмас. Чунки ҳар бир инсоннинг саломатлиги, фаровон ҳаёти ва жамиятнинг барқарор ривожланиши ана шундай ҳаётий зарурат — тоза ичимлик сувига бевосита боғлиқ.
Юртимизнинг барча ҳудудларида йўл-қурилиш, қайта тикланувчи электр таъминоти, таълим ва тиббиёт муассасаларини барпо этиш ҳамда модернизация қилишга қаратилган инфратузилма лойиҳалари изчил давом эттирилмоқда. Бундай ташаббуслар фуқароларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш, шу орқали уларнинг ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, Амударё туманининг Қангли овулида яқинда амалга оширилган ижтимоий лойиҳа — ҳудуддаги тоза ичимлик суви таъминоти муаммосига амалий ечим бўлди. Узоқ йиллар давомида турли манбалардан сув истеъмол қилиб келган овул аҳолиси учун бу лойиҳа нафақат катта енгиллик, балки кундалик ҳаётга янгича руҳ, ишонч ва илҳом олиб кирди.
Эндиликда қанглиликлар замонавий технологиялар асосида қурилган иншоот орқали ер ости сувларини тозалаш имконига эга бўлди. 500 дан зиёд хонадонга хизмат қилишга мўлжалланган ушбу иншоот фойдаланишга топширилиши орқали нафақат аҳолининг соғлиғи муҳофаза этиляпти, балки умумий санитария ҳолати, ҳаёт сифати ва экологик барқарорлик ҳам таъминланмоқда.
Мазкур хайрли лойиҳа “Tashwell” қурилиш компанияси томонидан беминнат амалга оширилди. Компаниянинг мазкур ташаббуси аҳолининг узоқ йиллик эҳтиёжини бартараф этиш билан бирга, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтиришга хизмат қилди.
Иншоотнинг очилиш маросимида овул фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Пирманов, лойиҳа координаторлари, нуронийлар, “маҳалла еттилиги” ҳамда маҳаллий аҳоли фаол қатнашди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар “Tashwell” компанияси раҳбариятига самимий миннатдорлик изҳор қилдилар. Нуронийлар эса қўлларини дуога очиб, ушбу хайрли ишнинг давомли бўлишини ва ҳомийлар фаолиятида муваффақиятлар тиладилар.
Аҳамиятлиси, лойиҳа доирасида ҳудуддаги мактаб ўқувчиларига бадиий адабиётлар ҳам совға қилинди. Бу эса ёш авлоднинг маънавий камолоти, китобга муҳаббати ва билимга интилишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Шубҳасиз, қишлоқ жойларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш фақатгина соғлиқни сақлаш масаласи эмас. Бу — мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилувчи муҳим омилдир. Қангли овулида амалга оширилган лойиҳа — ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг яққол намунасидир. Ҳақиқат шундаки, тоза сув — ҳаёт манбаи, унга эга бўлиш эса ҳар бир инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқидир.
Шоҳзод Қурбонбоев.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶