"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

МАҚСАДИМ – ДОИМО ОЛДИНДА БЎЛИШ

05-октябрь 2017 йил, 11:04. Ўқилди: 4623 марта

Бу ҳаётда касб танлаш имконияти жуда катта. Қайси касбни танлаган бўлсанг, ўша сенинг ҳаёт йўлинг, саодатга эришиш манзилинг  ҳам ўша. Бу – айни ҳаёт ҳақиқати.

Умида Қурбонбоева онаси Тўлғонойнинг касбини тутди – биолаборатория ишлари билан қизиқди. Миттигина жониворларни лаборатория  шароитида кўпайтириш ва улардан баҳор ойларидан бошлаб қишлоқ хўжалик зараркунандаларига қарши  биологик усулда курашишда фойдаланиш усулларини ўрганиб олди. Бу ҳам ўзига хос кўзга кўринмас биологик кураш усули бўлиб, пахтачиликнинг ашаддий душмани бўлган турли хил зараркунанда ҳашоратларга қирон келтириб, ҳосилни тўла-тўкис сақлаб қолиш имкониятини беради. Мана шу ўта масъулиятли, мураккаб иш жараёнлари Умиданинг унумли меҳнат қилиш қобилиятини оширди. Ўз вақтида ҳаракат қилинмаса, талаб қилинган пайтда биологик маҳсулотлар тайёр бўлмаса зараркунанда ҳашаротлар "ҳужуми”нинг олди олинмасдан, экинлар нобуд бўлиб, деҳқончиликдан олинадиган даромад бой берилади. Буни яхши тушунган Умида Қурбонбоева онаси Тўлғоной Аҳмедова раҳбарлигида профилактик агротадбирларни ўз вақтида амалга оширди. Буни ўтган йиллардаги натижалар яққол кўрсатиб турибди. Шу аснода Умида Қурбонбоева пахтачилик агротехникасиниям пухта ўрганиб, ўзлаштириб олди ва  "Зарифбой-Тўлғоной” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб, ҳар йили пахтадан, ғалладан ва пилладан мўл ҳосил етиштириб келмоқда.

– 35  гектар пахта майдонидан   108 тонна "оқ олтин” дурдоналарини йиғиштириб олиб, давлат хазинасига топширдик. Нафақат йиллик шартномавий режамизни, балки мажбуриятимизни ҳам ошириб бажардик. Мавсум охиригача ялпи хирмонимизни 142 тоннага етказамиз. Бу билан туманимиз ва республикамиз "оқ олтин” хирмонларининг янада юксалишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Мақсадим доимо олдинги сафда бўлишдир. Давр талаби ҳам шу, – дейди  илғор фермер Умида Қурбонбоева қатъият билан.

Қобул ШОМУРОДОВ.

Суратда: «Хизр эли» МФЙ ҳудудидаги «Зарифбой-Тўлғоной» фермер хўжалиги илғор теримчиси (чапдан-ўнгга) Юлдуз Раҳимбоева, фермер хўжалиги раиси Умида Қурбонбоева, илғор теримчилар Маҳфуза Жумабоева ва Шарофат Жумамуродовалар.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш