"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ИТ ТИШЛАШИНИНГ ОҒИP ОҚИБАТЛАPИ

Қутириш касаллиги одамга асосан қутирган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши ва сўлаклари орқали юқади. Вирус одамга жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватига (оғзи, кўзи, бурни) қутирган ҳайвон сўлаги тушиши орқали ўтиши мумкин. Қутирган ҳайвонлар сўлаги касалликнинг ягона юқиш йўлидир. Касаллик одамдан-одамга, одамдан-ҳайвонга юқмайди.

Қутириш вируси одам организмига тушгандан кейин касаллик бирданига бошланмайди. Дастлаб вирус периферик асаблар атрофида бўладиган периневал суюқлик оқими билан орқа ва бош мияга етиб боради ва мия тўқимасида кўпая бошлайди ҳамда чуқур ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади. Айниқса, томоқ, тил ва тилости асаб ядролари кўп зарарланади, юрак уриши ва нафас мускулларининг қисқариши, талвасага тушиб тиришиш, қаттиқ терлаш, сўлак оқиши асабларнинг зарарланиши сабабли бўлади. Бу жараён белгисиз кечади ва касалликнинг яширин даври дейилади. Бу давр бир ҳафтадан бир йилгача, баъзида ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Касалликнинг ўртача яширин даври 1-3 ойни ташкил этади. Бу даврнинг чўзилиши ёки қисқариши жароҳат етказган ҳайвонга, жароҳат хажмига, чуқурлигига, жойлашган жойига боғлиқ. Масалан: бош, бўйин, юз, панжа, қўл кафти бармоқларида жароҳат жойлашса, яширин давр қисқа бўлади. Касаллик клиник кечишига қараб 3 даврга бўлинади. Бошланғич давр 1-3 кун давом этади. Тишланган жой ўрни қичийди, тортишиб оғрийди. Битган жароҳат ва чандиқ такроран яллиғланиши мумкин. Бемор тушкунликка тушади, ғамгин бўлиб қолади, уйқуси бузилади, иштаҳаси бўғилиб, унда қўрқув ҳисси пайдо бўлади, кайфият ўзгариб туради, атрофга лоқайд бўлиб қолади. Авж олиш даврида беморнинг тана ҳарорати кўтарилади, юрак уриши тезлашади, сувни кўрганда, ҳатто сув тўғрисида эшитганда ҳам ютиш мускуллари тортишиб, қисқариб, қаттиқ оғрийди, ютиниши қийинлашади. Сувдан қўрқиш ҳолатига ҳаводан қўрқиш ҳам қўшилади ва бемор бўғилади, талвасага тушади. Хуруж зўрайиб, ёруғликдан, баланд овоз ва шовқиндан қўрқиш ҳолати вужудга келади.

Мускуллар тортишиши нафас ва ютиш мускулларидан бошланиб, кейинчалик ҳамма мускулларга тарқалади, овози бўғилади, бадани терлайди, сўлаги оқади, ҳиқичоқ тутади, кўз қорачиғи кенгаяди, оёқ-қўллари оғрийди, кўзлари бир нарсадан қўрққандек кўринади. Нафас олиши юзаки, тартибсиз бўлади, вақти-вақти билан бемор чуқур нафас олади. Беморнинг уйқуси бузилади, ўз-ўзини тишлайди, ёнидагиларни уриши, кийимларини йиртиши, ғайритабиий куч пайдо бўлиши мумкин. Қўзғалиш даври ўртача 2-3 кундан 5-6 кунгача давом этади. Бошқа юқумли касалликлардан фарқли ўлароқ, қутириш касаллигида бемор ҳушини йўқотмайди.

Касалликнинг фалаж даврида қўрқув аломатлари анча камайиб, бемор тинчланади, суюқлик ича бошлайди, овқатлангиси келади. Лекин тана ҳарорати юқорилигича қолади, бемор сўзларини аниқ ва тиниқ айта олмайди. Шундан кейин, оёқларида фалажланиш бошланади. Орадан 15-20 соат вақт ўтгач, тананинг бошқа мускуллари ҳам фалаж бўла бошлайди. Бемордан кўп суюқлик оқиши давом этади, тана ҳарорати эса кўтарилади. Шу ҳолатлар давом этиб, бемор юрак-қон томир фаолияти етишмовчилиги ёки тана фалажланиши оқибатида вафот этади.

Ит тишлаганда дастлаб жароҳат илиқ сувда ва кир совун билан 2-3 марта яхшилаб ювилиб, жароҳат атрофи, 70 фоизли спирт ёки 3 фоизли йод билан ишлов берилиб, тоза бинт ёки дока билан боғланиб, зудлик билан қутуришга қарши ёрдам кўрсатиш пунктига етказилиши шарт. Жабрланганларга кўрсатилган бу биринчи ёрдам қанчалик тез ва сифатли амалга оширилса, жароҳат юзаси қутириш вируси билан ифлосланган сўлакдан шунчалик тез халос бўлади.

Ит тишлаши натижасида одамлар нафақат жисмоний, моддий ва маънавий зарар кўрадилар, балки уларга ўлим муқаррар бўлган ўта хавфли қутириш касаллиги хавф солади. Агар ҳайвонлардан жароҳатлансангиз, зудлик билан мутахассис шифокорга мурожаат қилсангиз, қутиришга қарши ўз вақтида эмлансангиз, бу хавфли касалликдан ўзингизни сақлаган бўласиз!

Солий ХОЛИМБЕТОВ, туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги кўп тармоқли поликлиниканинг олий тоифали травматолог-шифокори.
(Фото - http://www.uzssgzt.uz)
Янгиликни бўлишинг: