"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ҚАЙНОНАНИНГ ДУОСИ

08-апрел 2014 йил, 09:43. Ўқилди: 8110 марта

Қайнона анчадан бери бетоб ётарди. Келинлари уни оқ ювиб, оқ тарашар, айниқса, ўртанча келини бошқача эди. Олдида узоқ қолиб кетар, кўнгли нима тусаётганини уқиб, дарров оғзига тутар эди. Унинг муомаласи, хатти-ҳаракатлари самимий, чин дилдан эди. Дардни қайнонаси билан бирга тортаётгандек эзиларди. "Тавба, мен бор-йўғи қайнонаман, вақти келса ўзингнинг болангга малол кеб қоласан, бу барака топгур жонини беришга тайёр-а, шунақасиям бўларкан-да. Илоҳа, ўғлим билан қўша қарисин, мендан қайтмаса, Худодан қайтсин”, деб дуо қиларди қайнона. "Худодан қайтсин”, деди-ю, ўйланиб қолди. Ахир ўзиям кўзи очиқлигида саломга яраша алик дегандек... Бунинг савоби янаям улуғ-ку. Кўнглига бир ўй келиб, уни амалга оширишга аҳд қилди. Аммо иккиланиб қолди. Қизиям катта рўзғорга бека, ўзидан ортолмайди, келсаям, кетақолай деб кўзлари жавдираб туради. Ниҳоят она, қиз, келин учовлари жам бўлиб қолишди.

– Қизим, – деди она.

– Лаббай, ойижон.

– Мановини сенга бераман девдим-да, – дея бармоғидан тушиб кетай деб турган узукка ишора қилди она.

– Ҳа, шундай деган эдингиз, – дея қиз онанинг пинжига тиқилди.

– Шу десанг... фикрим ўзгариб турибди-да...

– Буниям синглимга бермоқчими-сиз, у шундоғам ҳамма нарсангизни шилволди-ку.

– Йўқ, манови келинимга бермоқчиман.

– Ҳа, бунгами, бу келинингизга гап йўқ. Биламиз, сизни ўз онасидек яхши кўради. Лекин узукни менга беринг-у, уни дуо қилаверинг, – деб кулди қиз. Она келинига қаради. Келини хурсанд жилмайиб ўтирарди.

– Ҳа, хафалигингни билдирмайсан-а?

– Нимага унақа дейсиз? Хурсандман, ойижон, жудаям хурсандман... – дея онанинг оёқларини уқалашга тушди келин, – узукни опамга беринг-да, мени дуо қилинг... Олтин олма, дуо ол, дейишган.

Бу дунёга ҳеч ким устун бўлмаган. Сал кунда она ҳам оламдан ўтиб, ўғил-қизлар ўз тирикчилиги билан овора бўлиб кетди. Дуо олган келин билан эри чала ётган қурилишни битириб, қариндошларни уй тўйига айтишди. Чиройли, барча шароитларга эга бўлган кўркам ҳовлига ҳамманинг ҳаваси келди.

– Буюрсин, буюрсин, – деди укаси билан келинига қараб опа, – биронтадан хазина топиб олдиларингми, дейман?

Бахтиёрлигидан кўзлари чақнаб, яйраб-яшнаб юрган келин:

– Бизга насиб қилган энг катта хазина – ойимнинг дуолари, – деди.

"Дуо олган келинчак” китобидан олинди.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш