"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ 25 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАНТАНАЛИ ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ

                            Мавзуга оид фотогалерея


Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинганига бу йил 25 йил тўлмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Кенгашининг 1990 йил 20 июнда бўлган II сессиясида мустақиллик декларацияси қабул қилиниб, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Ўзбекистон Pеспубликаси давлат мустақиллиги асослари тўғрисида Қонун қабул қилинганидан сўнг, 1992 йил 8 декабрда  Pеспублика Олий Кенгашининг XII чақириқ, 11 сессиясида ҳуқуқий ҳужжат – мустақиллик Ўзбекистон Pеспубликасининг Конституцияси қабул қилинди. 25 йил мобайнида ушбу ҳужжат янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

Жойларда бўлгани каби туманимизда ҳам Конституциямиз қабул қилинган кунга 25 йил тўлиши муносабати билан 5 декабрь куни тадбир ўтказилди. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази биносида бўлиб ўтган тадбирда депутатлар, ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раислари, таълим муассасалари раҳбарлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раис ва маслаҳатчилари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Йиғилишда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Собир Хўжаметов иштирок этди.

Тадбирни туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очиб берди ва барчани Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрами билан қутлади.

Тадбирда Ўзбекистон Pеспубликаси ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси мадҳиялари янгради.

Туман ҳокими С.Йўлдашев, туман прокурори  Ф.Собиров, маъмурий ишлар бўйича туман суди раиси И.Шомуродовлар сўзга чиқиб, конституциямизнинг бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, иқтисодиёт соҳаларини барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётгани ҳақида сўз юритдилар ҳамда барчани бу қутлуғ сана муносабати билан қизғин қутладилар.

Тадбирда турли соҳаларда меҳнат қилиб келаётган, ҳалол хизматлари билан халқ назарига тушган бир гуруҳ юртдошларимизга Конституциямизнинг 25 йиллиги муносабати билан таъсис этилган "Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясига 25 йил” кўкрак нишони топширилди.

– Мамлакатимизда эришилаётган барча ютуқ ва марралар, улкан муваффақиятлар замирида, албатта, Асосий қонунимизда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди "Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ширин Янгибоева. – Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрами арафасида мен учун яна бир қувончли воқеа бўлди – камтарона меҳнатларим юксак эътироф этилиб, "Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясига 25 йил” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу зиммамдаги масъулият ҳиссини янада ошириб, ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундайди.

Тадбирда эсдалик нишон соҳиблари сўзга чиқиб, ўз меҳнатларига берилган бу эътибордан миннатдорликларини билдирдилар ва барчани байрам билан табрикладилар.

Тадбир сўнггида туман Маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган байрам дастури намойиш этилди.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: