"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ҲАЁТГА ИНТИЛГАН АЁЛ ВА НОШУКУP ЭP ҚИСМАТИ

Тақдир тақозоси билан Санобар севиб-севилиб турмуш қурди. Оиласига меҳр берди. Эпчиллиги ва чаққонлиги туфайли қайнота ва қайнонанинг севимли келинига айланди. Эри эса уста. Лой ишларида моҳир ва эпчил. Ёш оилада бир ўғил ва бир қиз дунёга келди. Оила аталмиш бу қўрғоннинг деворлари янада мустаҳкамланди. Янги иморат қуриб, кўчиб ўтишди. Бировдан олдин, бировдан кейин, деганларидек аста-секин рўзғор камчиликлари барҳам топди. Лекин ногаҳонда, эри оғир касалликка чалинди. Тез-тез  шифохонада даволанадиган бўлиб қолди. Санобар эрини ёлғиз қолдирмади, ҳар куни ҳол-аҳволидан хабар олар, дори-дармонларини излаб, топиб берар, дардига шерик бўлишга ҳаракат қилар эди. Бу янги оилага кўз тегдими ёки катталар айтганидек, шайтон ораладими, соғая бошлаган эри Санобарга совуқ муносабатда бўла бошлади. Касалхонада қандайдир қиз билан танишди-ю, эри айниди-қолди. У қиз деярли ҳар куни турли хил таомлар олиб келиб, бу оилали, бўш-баёвгина йигитнинг эс-ҳушини ўғирлади.

Эри касалхонадан чиқиб, ўша қизни уйига бошлаб  келди. Икки норасида гўдакнинг юзига оёқ қўйди, хотини ва ота-онасидан, қариндошларидан воз кечди.

Бир ойдирки, бир ҳовлида бир хонада Санобар фарзандлари билан яшайди. Яна бир хонада эса эри  билан ўша беномус қиз.

Йиғлайвериб Санобарда куч-ирода қолмади, фарзандлари билан ота-онасиникига кўчиб ўтди. Эридан кўнгил узди, бу оилани қайта тиклаб бўлмаслигини тушунди, "ғишт қолипдан кўчган” эди. Санобарнинг ақлли-ҳушли, меҳнатсеварлигини бутун қишлоқ аҳли биларди. Ота-онаси Санобарни қўшни қишлоққа, бефарзанд бир оилага узатдилар. Сарвар Санобарнинг фарзандларини ўзининг фарзандларидек меҳр бериб тарбиялади. Уларни ўқитди, олий маълумотли қилди...

Бугун Санобар қизини узатаётир. Қизига яхши тарбия бериб, ўқитган, оталик меҳрини берган Сарвар оқ фотиҳа бериб уни янги оила бағрига кузатди.

Қизининг ҳақиқий отаси эса...

"У отами? – ўйлади Санобар, – гулдай фарзандларининг, оиласининг қадрига етмаган ношуд, ношукур банда у! Унга оталик ҳайф”.

Дарвоқе, собиқ эрининг ҳаёти сира ўнгланмади. Яхши кўриб  уйланган аёли ногирон болани  дунёга келтирди. Туғма кар ва соқов бу бола икки адашган банданинг оғир гуноҳи туфайли ўз тенгқурлари билан чопқиллаб ўйнашдан, гапиришдан, эшитишдан маҳрум. Худди ота-онасининг гуноҳи жабрини тортаётгандай, доимо  бошини эгиб, маъюс юради.

Санобарнинг ҳаёти эса ҳавасга лойиқ, ўғли ҳам, қизи ҳам эл ардоғига муносиб устоз-муаллим. Шуни айтадилар-да, фарзандни дунёга келтиришдан ҳам, унинг тарбияси муҳим, деб.

Зуҳра АҲМЕДОВА.

Янгиликни бўлишинг: