"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

СЕКТОPЛАP ФАОЛИЯТИ: МУАММОЛАP ЖОЙИДА ҲАЛ ҚИЛИНМОҚДА

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, жамиятни ҳар томонлама жадал ривожлантириш мақсадида қисқа давр ичида кўплаб қарор, фармонлар ҳамда дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг шу йил 8 августдаги "Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам юрт фаровонлиги ва истиқболи, аҳоли учун муносиб турмуш тарзи яратилишида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, юртимизда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш учун жадал ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мана шу жараён ўз ўрнида мутлақо янги тизим жорий этишни тақозо этмоқда. Чунки, ҳужжатда таъкидланганидек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини ташкил этиш ва фаолиятини баҳолашнинг амалдаги тизими вазифаларни самарали ҳал қилишга имкон бермаяпти. Дарҳақиқат, соҳалардаги мавжуд, ҳал этилиши зарур бўлган ҳаётий муҳим масалаларнинг ўз вақтида ечим топмаётгани амалдаги иш услубини ўзгартиришни ва бу борада янги услубни жорий этишни талаб этаётган эди.

Мазкур ҳужжатда ижроия ва вакиллик ҳокимияти органлари амалдаги иш услубини ўзгартирган ҳолда аҳоли ўртасидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга ўз вақтида барҳам бериш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини доимий ва манзилли ўрганиш борасида тизимли фаолиятни ташкил этиш назарда тутилган.

Айни пайтда ҳудудлар секторларга бўлиниб, ҳужжатда кўрсатилганидек, янги услубдаги фаолият кўринишида бу вазифалар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Секторлар иши "Маҳалла-туман (шаҳар)-вилоят-республика” тамойили асосида олиб борилмоқда. Асосий ишлар энг қуйи бўғин – маҳаллада бажарилиши зарур бўлганлиги боис, хонадон ва объектларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан бевосита мулоқотлар белгиланган вақтда амалга оширилмоқда. Натижада аниқланган муаммолар бевосита жойида бартараф этилмоқда. Жойида ҳал этишнинг иложи бўлмаган камчилик ва муаммоларни эса "йўл хариталари”га киритиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш йўлга қўйилмоқда.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгашининг 2017 йил 11 августда 565-сонли қарори ва унинг асосида туман ҳокимининг 25 августдаги 531-сонли қарори қабул қилинди. Қарорга асосан ишчи гуруҳлар тузилди ва 4 та секторларга бўлиниб, ҳудудларга туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари раҳбар этиб белгиланди. Ҳудудларни комплекс  ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш бўйича тасдиқланган Низомга кўра, тўрт секторга аҳолининг энг муҳим масала ва муаммоларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилди ҳамда масъулият ва жавобгарликлари оширилди.

Ҳар бир сектор бўйича штаблар, масъуллар таркиби, назорат гуруҳлари ташкил этилиб, улар ўз фаолиятлари доирасида аҳоли ҳаётидаги турли хил муаммоларни ҳал этишга, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит олиш, меҳнат бандлиги, кам таъминланган оилаларга моддий кўмак берилишини йўлга қўйиш кабиларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Туман ҳокими С.Йўлдашев раҳбарлик қилаётган 1-сектор ҳудудига "Тўлқин”, "Чойкўл”, "Қипчоқ”, "Қангли” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда "Босув”, "Дарё бўйи”, "Уйшин”, "Бештом”, "Қумёп”, Ойбек номли, "Олмазор” ва "Гулзор” маҳаллалари киради.


Ҳудудда 7384 хонадон бўлиб, уларда 49056 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ҳудудда эҳтиёжманд оилалар сони 311, аъзолари ишсиз бўлган оилалар 308, якка-ёлғиз яшовчилар 69, аъзолари ногирон бўлган оилалар 268 тани ташкил этади. Сектор ҳудудида 10 та кўп қаватли уйлар, 38 та ижтимоий соҳа объектлари жойлашган. Сектор таркибига бириктирилган ишчи гуруҳ масъуллари хонадонларга, ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюриб, аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқдалар. Мавжуд камчиликлар аниқланиб, кўпчилиги жойида бартараф этиляпти. Аҳолига қийинчилик туғдираётган муаммоларга тегишли ташкилотлар билан биргаликда ечим топишга ҳаракат қилинди. Барча хонадонлардаги шароит ўрганилиб, ҳудуддаги 300 хонадонда кредит олишга зарурат борлиги аниқланди. Бу оилаларга ёрдам кўрсатилиб, жами 2 млрд. 151 млн. 200 минг сўмлик кредит маблағлари олишига кўмаклашилди. Кредит лойиҳалари балиқчилик, иссиқхона қуриш, паррандачиликни, чорвачиликни ривожлантириш ва савдо-сотиқни йўлга қўйишга қаратилган бўлиб, маблағларни олган хонадонлар шу кунларда ўз ишларини йўлга қўймоқдалар.

Сектор масъуллари томонидан ҳудудни 2018 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхати ишлаб чиқилиб, 112 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Бунинг натижасида ишсизлар сонини камайтиришга эришиш кўзда тутилган.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғига учинчи сектор бириктирилган бўлиб, ҳудуд 12 овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларини қамраб олган. Хонадонлар сони 7690 тани ташкил қилиб, уларда 50 мингдан зиёд аҳоли  яшайди. Сектор аъзолари томонидан ҳар бир хонадон ва улардаги ижтимоий-иқтисодий муҳитни ўрганиш учун режа ишлаб чиқилди ҳамда шу пайтга қадар режадаги ишлар амалга оширилиб келинмоқда.


Аҳоли билан мулоқотлар ва учрашувлар жараёнида болалар боғчаси, спорт майдончалари, дорихоналарга ҳудудда эҳтиёж борлиги аниқланди ҳамда бу бўйича билдирилган таклифлар инобатга олиниб, режага киритилди. Асосан томорқачилик билан шуғулланадиган аҳолига томорқа ишларини юритишда оқар сувни келтириш қийин-чилик туғдираётганлиги сабабли, тегишли ташкилотлар ёрдамида бу муаммолар бартараф этилди. Бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланган аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилиб, иш билан таъминланмаган аҳоли тадбиркорликка кенг жалб этилмоқда. Жумладан, сектор ҳудудида 957 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган бўлиб, улар саноат соҳаси, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, фаолият кўрсатмаётган корхоналар фаолиятини тиклаш, бўш турган давлат объектларини ижарага бериш ёки хусусийлаштириш, қурилишлардаги мавсумий ва вақтинча ишлар, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш кабилар орқали яратилиши кўзда тутилган.

– Ҳудуддаги ишлар белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда, – дейди 3-секторга раҳбарлик қилаётган туман ички ишлар бўлими  бошлиғи Д.Ибрагимов. – Сектор штаби аҳолининг келиб-кетишига қулай бўлган жойда, яъни Мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган. Штаб керакли жиҳозлар билан таъминланган. У ерда секторга жалб этилган мутахассислар фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу кунга қадар туман миқёсида ечиладиган 752 муаммо жойида бартараф этилди. Pеспублика миқёсида ечиладиган муаммолар эса "Йўл харитаси”га киритилди. Ҳудуддаги 1300 дан зиёд кам таъминланган оилаларга кредитлар бериш, парранда тарқатиш, моддий ёрдамлар ажратиш каби амалий ёрдам кўрсатилди. Тумандаги тижорат банкларидан 1 млрд. 856 млн. сўмлик кредит маблағлари 294 нафар фуқароларга ажратиб берилди. Жумладан, "Бойовул” маҳалласида жойлашган кўп хонадонли, икки қаватли уйлар фасадлари таъмирланди ва 8 нафар кам таъминланган фуқарога янги биометрик паспортлар берилди.

Сектор ишчи гуруҳи ҳудуддаги саноат корхоналарига ҳам ташриф буюриб, уларни экспорт фаолиятига жалб қилиш ҳамда соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларга ечим топиш, уларнинг жойида ҳал қилинишига эришилмоқда.

Бошқа секторлардаги каби тўртинчи сектор ҳудудида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлар мунтазам амалга оширилиб келинмоқда. Сектор ҳудудига "Назархон”, "Тошёп”, "Намуна” овуллари ҳамда "Чордара”, "Бўстон”, Беруний номли, Навоий номли маҳаллалар киради. Штаб Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган бўлиб, у ерда етарли шароит яратилган. Ҳудуддаги 4165 хонадонда 28833 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ундан ташқари, 6 та кўпқаватли уйлар, 21 та ижтимоий соҳа объектлари мавжуд. Эҳтиёжманд оилалар сони 212, аъзолари ишсиз оилалар 308, аъзолари ногирон оилалар 386 тадан иборат.

– Тўртинчи сектор ҳудудига бириктирилган ишчи гуруҳ билан биргаликда уйма-уй юриб, барча хонадонларда бўлдик. Ўрганиш жараёнида 80 га яқин муаммо борлиги аниқланди. Уларнинг 29 таси жойида бартараф этилди. Қолган 51 таси эса қисқа муддатлар ичида тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этилди. Ишсиз аҳолининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида кўпчилик оилаларга кредит берилишида амалий ёрдам кўрсатилиб, иссиқхона қуриш, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик ва боғдорчиликни ривожлантириш каби мақсадларга жами 1 млрд. 417 млн. 770 минг сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Секторимиз ҳудудида яшовчи аҳоли муаммолари бартараф этилаётганидан, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан яратилаётган имкониятлар ва халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлардан ниҳоятда мамнун, – дейди 4-сектор раҳбари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Б.Камолов.

Бу секторда ҳам ҳудудни келгуси йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхати ишлаб чиқилди. Янги лойиҳалар ишга туширилгач, ҳудуддаги ишсизлар сони кескин камайиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда инсон манфаатларига алоҳида эътибор қаратилиб, давлат органларининг халқ билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилмоқда. Ҳар бир инсон дард-у ташвишига давлат аҳамиятидаги муаммо сифатида қаралиб, амалий ёрдам кўрсатилаётгани уларнинг адолатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Бу эса халқ билан мулоқот қилишда жорий этилган янги тизимнинг самара кўрсатаётганидан далолат беради.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА, журналист.

Янгиликни бўлишинг: