"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

БОЛА ҲУҚУҚИ УСТУВОPЛИГИ – ВАТАН ТАPАҚҚИЁТИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Бола – оилада туғилади, оила бағрида балоғатга етади. Боланинг қандай оилада, қандай шароитда туғилганлиги унинг кейинги тақдирини белгилайди. Чунки оила болани қуршаб турган энг қулай муҳит ҳисобланади.

Ҳар битта боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, яхши инсон сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Туман ФҲДЁ бўлими мудири Санобар Холбоева билан суҳбатимиз айнан шу хусусда – мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва манфаатлари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий шароитларини янада яхшилаш борасида яратилган қонуний асослар мавзусида бўлди.

– Санобархон, мамлакати-миз 1992 йилдаёқ "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги БМТ Конвенциясига қўшилди. Аввало мазкур Конвенциянинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

– Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар асосини белгилаб берган Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясида ёш авлод ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат тўлақонли кафолатланган, балки энг асосий қадрият сифатида белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Pеспубликасининг "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги БМТ Конвенциясига қўшилиши давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларни белгилаш, бола ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш борасидаги самарали механизмни ишлаб чиқишга хизмат қилди.

– Ана шу самарали механизмлар хусусида батафсилроқ айтсангиз.

– Миллий Қонунчилигимизнинг асоси бўлган Конституциямизни олайлик. Бош Қомусимизнинг 41-моддаси ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқини ҳамда бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланишини белгилаб берган бўлса, 45-моддасида "Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар... ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” деб мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу қомусий ҳужжатнинг "Оила” деб номланган XIV  бобида эса оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза этилиши таъкидланган.

Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда Ўзбекистон Конституцияси ва "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунидан ташқари, деярли барча соҳалардаги қонунчилигимизнинг тегишли нормалари билан ҳам таъминланади. Мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида инсон ҳуқуқларига оид БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 70 дан зиёд универсал ва ижтимоий халқаро шартномаларни тан олгани, ЮНЕСКО ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан қабул қилинган асосий конвенцияларнинг ҳам иштирокчиси эканлигининг  ўзи Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари кафолати билан боғлиқ миллий қонунчилигимиз янада такомиллашганининг ёрқин исботидир.

Бу ишларнинг самараси сифатида "Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган рейтингда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ғамхўрлик кўрсатиш бўйича Ўзбекистон етакчи 10 та мамлакат қаторига киритилгани, 161 та давлат орасида 9-ўринни эгаллаганини мамнуният билан эътироф этишни истардим.

– Туманимизда бола ҳуқуқларини ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Жорий йилнинг ўтган 10 ойида туманимиз оилаларида 3155 нафар чақалоқ дунёга келди. Бизнинг вазифамиз янги туғилган болага ўз вақтида туғилганлик ҳақидаги  гувоҳнома бериш, арзимас сабаблар билан ёш оилаларнинг бузилиб кетишига йўл қўймаслик, боланинг оила муҳитида, ота-онаси бағрида вояга етишига кўмаклашиш.

Лекин, афсуски, баъзан никоҳдаги ёшларнинг ўзаро келишмовчилиги, баъзан ташқи таъсирлар сабаб, оилавий ажрашишлар юз беради. ФҲДЁ бўлимимизда жорий йилда 84 та оилада ажралиш ҳолати қайд этилди. Никоҳни бекор қилиш билан  боғлиқ 10 та ариза келиб тушди. Шундан 2 та оила яраштириб қўйилди. Бир-бири билан келишолмай, ажрашишни афзал кўраётган ёш оилаларнинг кўпчилигининг фарзандлари бор. Ота-онасининг ўртасида  отасидан ҳам, онасидан ҳам воз кечгиси келмаётган гўдакнинг айби нима? Нима учун бу гўдаклар оилавий бахтдан, ота-она меҳридан мосуво улғайиши керак? Болани ана шу ўзи истаётган оила, ота-она бағрида яшаш бахтига қайтаришимиз, унинг ҳуқуқини ҳимоя қилишимиз шарт. Бу – биз катталарнинг зиммамиздаги энг олий бурчимиз. Бу бурч масъулиятини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Зеро, бола ҳуқуқларининг устуворлиги – эртанги кунимизнинг ҳам иқтисодий, ҳам маънавий ва ижтимоий-маданий тараққиётини белгилайди.

– Сермазмун суҳбатингиз учун раҳмат, саломат бўлинг!

Суҳбатдош Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: