"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ГPИПП – ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИК, УНДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Салқин кунлар бошланиши билан аҳоли ўртасида грипп ва ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш кўпаяди. Касаллик манбаи бемор одам ҳисобланади. Касаллик одамдан одамга ҳаво-томчи ва мулоқот йўли билан юқади. Яъни, гаплашганда, аксирганда, саломлашганда ва бошқа бемор фойдаланган анжомлардан фойдаланганда юқиши мумкин. Вирус организмга бурун-томоқ орқали киради ва организмга тушгандан кейин яширин даври бир неча соат бўлади. Яширин давридан кейин касаллик белгилари юзага чиқади.

Касаллик асосан бош оғриғи, мушакларда оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ангина, тумов ва бурун оқиши билан кечади. Айрим ҳолларда қайт қилиш ва ич кетиш ҳолатлари кузатилади. Беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, оғир оқибатларга олиб келади.

Грипп касаллигининг олдини олиш учун махсус вакциналар ишлаб чиқарилган. Йилда бир марта грипп касаллигига қарши вакциналар билан эмланган болалар ва катталар ҳам грипп касаллигига чалинишмайди.

Грипп касаллигининг олдини олиш учун уй хоналарини тез-тез шамоллатиб туриш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиб, дармондориларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол қилиш зарур, организмнинг толиқишига асло йўл қўймаслик керак.

Шуни унутмаслик керакки, савдо, транспорт, тиббиёт ходимлари ҳамда кўпчилик билан мулоқотда бўлувчи шахслар дока ниқоблардан фойдаланишлари, ниқобни ҳар 3-4 соатда алмаштириб туришлари тавсия этилади. Бундан ташқари, тез-тез қўлларингизни совунлаб ювинг, мавсумий грипп касаллигига қарши вакциналар билан эмланинг.

Юқоридагиларга амал қилинса, грипп касаллиги тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Ҳар бир инсон ўз соғлиги учун ўзи масъул эканлигини асло унутмайлик!

Гулшод ТОЖИБОЕВА,

туман ДСЭНМ эпидемиология  бўлими мудираси, олий тоифали эпидемиолог.

(Фото - fikr.uz)

Янгиликни бўлишинг: