"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

«Алданиб қолаётган» фарзандлар тақдири учун ким жавобгар?

«Алданиб қолдим». Бу жумла сўнгги пайтларда тез-тез қулоққа чалиняпти. Айрим қизлар фалон йигит унга бир дунё ваъдалар бериб, кейин ташлаб кетганини, ишончини суиистеъмол қилганини айтиб, дарди ҳол қилишади. Бор айбни йигитларга тўнкаб, ўзини панага олишади. Биз эса айнан мана шу аянчли вазиятни кўзгуга солишга қарор қилдик. Хўш, бундай ҳолларда ким айбдор? Фақат йигитларми?»

... «Фалон йигит мени ишонтириб, туйғуларимни оёқости қилиб, кейин ташлаб кетди», дея айюҳаннос соладиганлар бундоқ ўйлаб кўришсин, бунда ўзининг ҳам айби йўқми-кин? Ахир номус кўчада ётган чўпмидики, уни исталган одам тепиб кетаверса. Қиз боланинг ҳаёси, номуси қайта тикланмайдиган даражада нозик, муқаддас эканини ҳамма билади-ку! Хусусан, ўша дийдиё қиладиган қизлар ҳам. Хўш, шундай экан, нега ўз номусини ҳимоя қила олмади? Йигитлар нима деса, ишониб кетаверадиган қизларни оқлаб бўладими? Майли, севган ҳам дейлик, лекин севги то ўртадаги муносабатлар муқаддас никоҳ билан мустаҳкамланмагунча ҳамма нарсага рухсат бермайди-ку! Йигитнинг нияти ёмон экан, қизнинг ақли жойида бўлиши керак эмасмиди? Қолаверса, севги кўча-кўйда қўл ушлашиб, хиёбонларда билганини қилиб юриш эмас-ку!”

Ушбу парча telegraf.uz сайтида эълон қилинган "Алданиб қолаётган” фарзандлар тақдири учун ким жавобгар?” номли мақоладан олинган. Мақола facebook ижтимоий тармоғининг "Халқ билан мулоқот – /Диалог с народом” гуруҳига жойлаштирилганидан кейин қизғин муҳокамалар бошланди.

Қуйида баъзи юртдошларимизнинг шу мавзудаги фикрлари билан танишасиз (Баъзи фикрлар мазмуни ўзгартирилмаган ҳолда таҳрир қилинган):

Manzura Djahed: Унутманглар, қанча ёшларимиз ота-онасиз қариндошлариникида яшаяптилар, ота-онаси хорижда ишлашга кетган. Қариндошлари ота-онаси олди-да йўқ, кўнглини яраламай, деб индамайдилар.

Мухайё Саидова: Ҳозир айрим оналар кийиниш борасида қизларидан ўтишади. Тўйларга борсангиз эътибор беринг, келин қайнонасидан, онасидан фақат оқ кўйлаги билан ажралиб туради. Аввало, қизларга тарбия беришда она масъулиятли бўлиши керак, ота ҳам, албатта.

Moon Usmanova: ... Савдо қилган пайтларимда оталар кeлиб, қизларига шим олиб берарди. Ҳамма томони ёпиқ турармиш. Қизларни эмас, биринчи навбатда оналарни тарбиялаш кeрак. "Тоника” билан "ласина” кийдирмаслик кeрак. Бошига рўмол ўратиб, узун кўйлак кийдириш кeрак. Кeйин қизлар ўз-ўзидан тўғри йўлга тушади. Эркаклар ўзларини ислоҳ қилиб олса, ҳаммаси зўр бўлади.

Ulugbek Temirogli: Бунда ота-онанинг айби йўқ. Бунга ишқий фильм ва сериаллар сабабчи, деб ўйлайман. Ишонмасангиз, бирор бир сериални кўринг, 4-5-синфда ўқийдиган болангиз югуриб келиб, телевизор олдига ўтириб олади. Ҳозирги фильмлар мавзуси севги, ишқ, эҳтирос. Натижасини кўринг!

Нодира Ахмадалиева: Қуш инида кўрганини қилади. Илгари одамларда андиша бўларди. Бир қиз нотўғри қадам ташласа, қўни-қўшни гапирарди, койирди. Қиз ҳам ўшалардан тортинганидан қадамини ўйлаб ташлар эди.

Pустам Тошов: Мен бу ерда кўпроқ ота-она ва маҳаллани айбдор деб биламан. Уйдан чиқишда ота-она фарзандини назорат қилсин, кўчага чиққач маҳалла. Маҳалла раисларини ва унинг маслаҳатчиларини ҳалол ва обрўли, бошқаларга сўзи ўтадиган инсонлар орасидан сайлаш керак.

Nilufar Karimova: Ҳаммаси ёшларнинг китоб ўқимаслигидан, савияси пастлигидан. Ёшлигимда ўқиган 2 та китобим бутун умрга миямда муҳрланиб қолган: Ўлмас Умарбековнинг "Одам бўлиш қийин” ва Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси” романлари. Айнан биринчи айтиб ўтган асаримда йигитларнинг қанчалик ўлиб, "оҳ-воҳ” қилиши 2 тийинга арзимаслиги кўрсатиб ўтилган. Бекорга айтишмаган, "ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди”. Қизлар ақлини йиғиштириб, этагини ёпмагунича, шунақа хор бўлиб юраверишади.

Хайдар Пулатов: Қачонгача бошқаларни айблаймиз. Яхши тарбия олиб, эртага яхши рўзғор қилиб, яхши пул топиб яшаса, фарзандим менинг ҳурматимни ва хизматимни қилади, маҳалла раисининг эмас. Шундай экан, фарзандимиз тарбиясини маҳалла раисининг зиммасига юкламайлик! Чунки унинг ҳам тарбия бериши керак бўлган фарзандлари бор. Фарзанди ютуққа эришган қайси ота ёки она маҳалла раиси билан бўлишган?

Gayrat Omon:Ğayrat Omon: Худди "вой шарманда” деб ёзаётган катта ёшли аёллар ёшлигида йигитлар билан парк айланмагандек... Кап-катта амакиларимиз паркка умуман кирмагандай...

Xalima Malikovna: Кирган, аммо шариатга тўғри келмаган иш қилишмаган, бир-бирини алдаб, кимнингдир бахтига тажовузлик қилмаган.

Манзура Хасанова: Гап фақат кийимда бўлганида эди... Устига ҳижоб ўраганларнинг баъзилари нима қилганларини кўрсангиз, уялгангиздан ер тагига кириб кетганим яхши, деб ўйлайсиз...

Ёркин Pаимбердиева: Ҳозирги "қуш”лар уясида кўрганини эмас, кўчада кўрганини қиляпти, тарбияни ота-онадан бошлаш керак. Нега нуқул ўқитувчиларга ёпишасизлар, ўқитувчи 5 соат сизнинг болангиз билан бўлади, боланинг қолган вақти ота-оналар ихтиёрида-ку?! Ёки ўқитувчи уйига бориб, овқат қилишни, томорқада ишлашни, кир ювишни, уй тутишни ва ҳокозоларни ҳам ўргатиб беришсинми? Фарзандни ким учун ва нима учун дунёга келтиради ота оналар?!

Ҳурматли газетхон! Бу мавзуда Сиз қандай фикрдасиз? Фикрларингизни taraqqiyot2014@umail.uz электрон почтамизга ёки телеграмм орқали 95 605 40 28 рақамига жўнатинг!

Янгиликни бўлишинг: