"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ЎЗИМИЗГА ЯPАШАДИГАН ИШЛАP ҚИЛАЙЛИК

Инсон нима учун яшайди? Орзу-умидлардан бир гўзал чаман яратиб, ана  шу чаман ичра ўзи яйраб, ўзгаларга эзгуликлар улашиб яшаш – унинг бирдан-бир олий мақсади. Ана шундай тўкин-сочин, файзли ҳаёт манзилига етиш учун у умр бўйи интилади, меҳнат қилади.

Халқимиз азалдан меҳмондўст, болажон ва албатта орзу-ҳавасли. Бугунги кунда бу орзу-ҳавас ичида катта тўй берсам, бутун маҳалла ҳар куни, ҳар тўйда оғзидан туширмай айтиб юрса, деб ким ўзарга тўй берувчилар кўпайиб бормоқда. Минг  афсуски, бундай тўйлар орқасидан кўплаб нохушликлар, исрофгарчиликлар, баъзи бир тўйларда автоҳалокатлар юз бериб, айрим ёшлар умрининг охиригача ногирон бўлиб қолаётган воқеалар ҳам содир бўлмоқда. Бу воқеаларни эшитиб, кўриб, билиб туриб ҳам ким ўзарга тўй бериш ҳеч тўхтамаяпти. Келин ёки куёвнинг: "мен фалон машинада чиқаман”, "фалон сўмлик келин кўйлак, костюм-шим кияман”, "фалон қўшиқчи келсин”, "тўйим тўйхонада бўлсин!” деган талабларига келин-куёвнинг ота-оналари: "майли, фарзандларимнинг кўнгли ўксимасин”, деб рози бўлишмоқда. Айрим ҳолларда куёвнинг дўстлари тўй куни бир хил машинада чиқиши, йўлда машиналарнинг пойгаси, келин қимматбаҳо келин кўйлак кийиши, келин-куёвнинг романтик мусиқа садолари остида махсус безатилган саҳнада рақсга тушиши оддий ҳол бўлиб қолмоқда. Баъзи бир ота-оналар "ўзи битта ўғлим ёки ёлғиз қизим” деб жуда кўп исрофгарчиликка йўл қўйишади. Эртага бу исрофгарчиликнинг уволи тутади-ку!

Аслида тўй дегани икки ёшнинг аҳди-паймони  асосида, қонуний ва шаръий никоҳдан ўтиб, яқин қариндош-уруғини чақириб, уларнинг дуосини олиш эмасми? Етти маҳаллага тўй бериб, бошдан-оёқ қарзга ботиб, тўйдан кейин чет давлатларга чиқиб ишлаб, ўз жонини ўзи азобга қўйиш тўғрими? Айрим ёшларимиздан ибо, ҳаё кўтарилиб, катталар олдида уялмайдиган бўлиб кетишяпти. Ахир бир эслаб кўрайлик, қайси момо-боболаримиз ёки ота-онамиз тўйи куни, одамларнинг кўз ўнгида қучоқлашиб вальсга тушган, етти маҳаллага ош берган, дабдабали тўй қиламан деб қарз кўтаришган экан? Ихчамгина тўй бериб ҳам бахтли ҳаёт  кечиришган-ку!

Тўғри, одам бу дунёга бир марта келади, бир марта келин-куёвлик либосини кийиб, келин-куёвлик вазифаларини ўтайди, лекин тўй бир кунлик тантана, тўйдан кейинги ҳаёт бутун умрга татийдиган катта йўл. Мана шу катта йўл бу ҳаётда бир марта яшаб, ўтиш борасидаги синов. Йигит-қизларимиз эса оиланинг асл моҳиятини билмасдан тўй кунида бўладиган вальсга тайёрланаяпти, тўйини клип қилиб, интернет орқали ўзини кўз-кўз қилишмоқда. Кечирасиз-у ғурурли, ориятли эркак ўз жуфти-ҳалолини бутун дунёга намоён қилмайди, ибо-ҳаёли, андишали қизларимиз никоҳ тўйида елкаси очиқ кўйлак кийиб, бутун халқ кўз ўнгида беҳаёларча вальсга тушмайди. Ахир у ўз номи билан келин, келин эса озгина  уятни, ҳаёни билиши даркор.

Биз ориятли халқмиз! Ҳар доим ўзимизга ярашадиган ишлар қилайлик!

Қаршиға АЛИМБОЕВА,

"Дарё бўйи” маҳалласи.

(Фото - http://albums.vsetut.uz)

Янгиликни бўлишинг: