"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ФАPЗАНД – ОИЛА ШАМЧИPОFИ

Мен туғилиб-ўсган маҳаллада Ҳанифа хола деган  бир аёл бўларди. У чиройли, қадди-қомати келишган, 50 ёшларида ҳам юзида бир ажин йўқ, жуда латофатли, дилбар аёл эди. Хулқ-атвори ҳам жисмига монанд, одамнинг бир кўришдаёқ унга меҳри тушиб қолар эди. Кимдир тўй, маърака берса, у астойдил бошидан охиригача хизматда турар, худди ўша хонадоннинг бирор яқиними, деб ўйларди билмаган одам.

Ш

унинг учун уни ҳамма шунчаки, фалончи опа, деб атамас, кимгадир амма, хола, кимгадир эгачи ё сингил эди. Турмуш ўртоғи Анвар ака билан жуда аҳил яшашар, ўрталарида фарзанд бўлмаса-да, ҳеч ким уларнинг нолиганини ё йиғлаб-сиқтаганини эшитган эмас.

Ханифа хола тўйларда югуриб-елиб хизмат қилганларидан-оқ, фарзанд кўриб, тўйлар беришни қанчалар орзу қилишини англаш қийин эмасди.

Хола қирқ беш ёшларидан ошганида эри Анвар акани ўзининг қариндошларидан, касалмандлиги туфайли ёши ўттиздан ошиб, ўтириб қолган бир қизга уйлантириб қўйди.

Шунда кимдир унинг бу тадбирига қойил қолса, кимдир: «эси жойида эмасми, нима бало», деб ўйлади.

Вақт ўтиб, ўша касалманд кундоши икки ўғил, икки қиз туғди. Ҳанифа хола ҳам кундошини авайлаб парваришлади, ҳам ўғил-қизларини еру-кўкка ишонмай, вояга етказди. Улар ўз онасидан ҳам кўпроқ Ҳанифа холага  меҳрли бўлиб ўсишди. Аввал ўз онасининг, орадан беш-олти йил ўтиб отасининг вафоти фарзандларни Ҳанифа холага  янаям қаттиқроқ боғлади.

Ҳозир ўша ўғил-қизлар ўқиб, илм олиб, ўқиган соҳасида ишлаб, обрў-эътиборли кишилар бўлишган. Фарзандлар Ҳанифа холанинг умрининг охиригача юзига тик қарамай итоат этиб, барча истакларини бажо келтириб, хизматини қилишди, авайлашди, дуосини олишди.

Бир вақтлар сас эшитилмайдиган, кимсасиз, ҳувиллаб турадиган, Анвар ака ва Ҳанифа холанинг бор-йўқлиги сезилмайдиган хонадонда ҳозир невара-чеваралар шовқин-сурони, бахтиёр овозлари тинмайди.

Ҳар сафар ўз туғилган уйимга борганимда ўша хонадонни кўриб,  Ҳанифа холани эслайман. Қомати тик, чеҳрасидек қалби ҳам ниҳоятда гўзал аёл бўлган экан-да хола, деб ўйлайман. Шундай дамларда бир-икки йил яшаб, фарзандимиз бўлмади ё ўзаро келишолмадик, дея ажрашиб кетаётган оилалар кўз ўнгимда гавдаланади. Худодан уларга инсоф тилайман. Дунёда  ўша хола сингари ибратли ҳаёт кечириш ҳам, аксинча оилани пароканда қилиш ҳам ҳар кимнинг ўз қўлида эканлигини барча ёдда тутишларини истардим.

 

Инобат ОТАЖОНОВА,

38-сонли мактаб ўқитувчиси.

(Фото - http://tafsilot.uz)

Янгиликни бўлишинг: