"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ШИНАМ ВА АPЗОН УЙ-ЖОЙЛАP ҚИШЛОҚЛАPИМИЗ КЎPКИГА КЎPК БАҒИШЛАМОҚДА

Оила – жамиятнинг кичик бир бўлаги, дея эътироф этилади. Чунки оилаларда турмуш яхши бўлса, улар фаровон ҳаёт кечирса, жамиятга кўрк бағишлайди ва мамлакат  равнақ топади.

Биринчи Президентимиз И.А.Каримов халқнинг турмуш тарзини яхшилаш ва оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қурилишини йўлга қўйган эдилар. Айниқса, қишлоқларда яшовчи аҳоли турмуш тарзи яхшиланишида аҳамият касб этаётган соҳадаги мазкур ислоҳот давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан узвий давом эттирилиб, 2016 йил 21 октябрда "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” Қарор қабул қилинди.

Арзон, замонавий ва шинам уй-жойлар қарорга асосан имтиёзли ипотека кредити асосида берилиши аҳолига катта қулайлик яратди. Дастур бўйича арзон уй-жойлар уч турдаги кўринишда қурилиши назарда тутилди. Pежага мувофиқ, уларга ажратилиши керак бўлган майдонлар ҳамда тайёр бўлган уйнинг нархларининг тахминий қийматлари ишлаб чиқилди.

– Майдоннинг қанчалиги ва нархлар қандайлиги талабгорларни қизиқтириши табиий, – дея маълумот беради туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари У.Полвонов. – 16 хонадонли 2 қаватли уйдаги ҳар бир икки хонали хонадоннинг нархи тахминан 74 млн. сўм атрофида бўлиши режалаштирилди. Уч хонали хонадонлар жойлашган 16 хонадонли, кўп қаватли уйлар эса ўртача нархи 85 млн. сўм бўлиши белгиланди. Ундан ташқари, хонадонлар эгаларининг талаб ва истаклари инобатга олиниб, ҳовлида болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар ва бошқалар қуриш назарда тутилган. Шунингдек, 0,02 га майдонда жойлашадиган уч хонали уйлар нархи ўртача 119 млн. сўм бўлиши режалаштирилди. 0,04 га ерга қуриладиган уйлар ягона блокка бирлаштириладиган икки қаватли ва тўрт хонали хонадонлар ҳисобланади. Уларга маҳаллий шароитдан келиб чиқиб ер майдонлари ажратилади ва нархлари тахминан 206 млн. сўмни ташкил этиши мумкинлиги белгиланди.

Оилалардаги йиллик даромад ўртача ҳисоблаб чиқиладиган бўлса, уй-жойларнинг келтирилган бу нархлари бироз қиммат туюлиши мумкин. Бироқ, ташвишга асло ҳожат йўқ. Чунки, қарорга мувофиқ мазкур уй-жойлар учун жисмоний шахсларга банкларда узоқ муддатли кредитлар ажратилиши ва бу кредитлардан фойдаланганлик учун имтиёзлар ҳам берилиши йўлга қўйилган. Фақат уй-жойлар қурилиши аҳолининг ўз маблағи, яъни бошланғич бадал ҳисобидан молиялаштирилиши туфайли бундай хонадонга эга бўлишни истайдиган талабгорлар уйнинг турига қараб кўрсатилган фоизларда бошланғич бадал тўлашлари керак бўлади.

– Туманимизда уй-жойга эҳтиёжмандлар жуда кўп. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, шароитга кўра, туманда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 122 та уй-жойлар қурилиши режалаштирилган эди. Бугунги кунда 122 та хонадонда охирги пардозлаш ишлари кетмоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев Қорақалпоғистон Pеспубликасига ташрифларида, арзонлаштирилган уй-жойларга талабгорларнинг кўплигини инобатга олиб, қурилаётган уйлар сонини яна кўпайтириш таклифларини киритдилар. Бу таклиф айни муддао бўлди ва туманимизда яна 75 та уйнинг қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Уй-жойларини ўз эгаларига тезда топшириш учун шу кунларда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда, – дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутахассиси О.Мадраимов.

Арзонлаштирилган уй-жойлар туманимиздаги «Юқори Тувилға», «Тошёп», «Ўрта қалъа» овулидаги «Вахум», «Дарё бўйи» маҳалласидаги «Беш том» массивларида қад ростламоқда. Ҳадемай улар қуриб битказилиб, ўз эгаларига топширилади ва туманимиздаги кўпгина оилалар замонавий, қулай шароитлар яратилган, шинам уйларга эга бўладилар. Давлатимиз аҳолига қисқа фурсат ичида мана шундай уйга эга бўлиш имкониятини яратмоқда. Чунки, мамлакатимизда кичик бир бўлак бўлган оилалар – жамият кўрки сифатида эътироф этилади. Зеро, оилада фаровонлик бўлса, жамият равнақ топади.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА, журналист.
Янгиликни бўлишинг: