"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ДИЛГА КЎЧАP ҚЎШИҚЛАP

Айтилмоқчи бўлган туйғулар, айтилмоқчи бўлган дил сўзлари, айтилмоқчи бўлган иқрорлар Худойберган Жумамуродовнинг қаламига мансуб "Мен айтмоқчи бўлган қўшиқлар” номли шеърлар тўпламидан жой олган. Жўшқинлик ва самимият уфуриб турган сатрларда шоирнинг кўнгил кечинмалари, ҳайратлари, шукроналари ифодаланган.

Мисраларида дил туйғуларини қўшиқ қилиб куйлаган ижодкор уларни назм аҳли билан баҳам кўришни истади. Сўз тизгинини ўзига бўйсундириб, тафаккурини жонлантирди. Туйғуларидан гулдаста ясаб, дилда борини тўкиб солди:

Дилда борин куйламоқ истаб,

Шеър ёзишга бўлдим муяссар.

Илҳом келиб тебратгач дилни,

Шеъриятга чоғладим йўлни,

Уфқларга чўзгандек қўлни,

Шеър ёзишга бўлдим муяссар.

Ҳаёт гулбоғларида Ватанни буюк деб умр кечираётган ижодкор Худойберган Жумамуродов туманимизда яшаб, ижод қилиб келмоқда. Унинг шеърлари 1967 йилдан бошлаб, туман газетасида чоп этила бошлади. Ижодга, адабиётга бўлган муҳаббати уни  1968 йилда Нукус давлат педагогика институтининг филология факультетига бошлади. Таҳсил даври тугаганидан сўнг, Худойберган Жумамуродов педагоглик фаолияти билан шуғулланди. Умрининг  қирқ йилини ёш авлодга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ беришга бағишлаган  бу инсон ҳозир нафақада.

Ижодкор эллик йилдан буён кўнгил дафтарини шеърият аҳлига очиб, ижод завқини суриб келмоқда. Унинг ижод намуналарида самимийликни, онага, оилага, фарзандга, ҳаётга муҳаббатни кўрасиз. У ҳатто, ўз шеърлари  билан кимларгадир дарддош, кимларгадир таскин, умид ва ишонч бағишлашни истаётгандек туюлади. Бундай ҳамдардлик, муносабат унинг ҳар бир сатрида акс этади.

Дилсайёр, ҳаёт мураккаб,

Яшаш ўзи катта бир мактаб.

Шеърлар ёзсам халқимга атаб,

Яхши армон-ниятлар бордир.

Ҳар бир отган тонгни ҳаётдан нишон деб билган ижодкор Худойберган Жумамуродов унинг гўзаллигидан илҳомланади. Мана шу илҳомларининг маҳсулларини жамлаб, шеърият шайдолари учун "Мен айтмоқчи бўлган қўшиқлар” китобини яратди. Аминмизки, шоирнинг илк китобидан ўрин олган шеърлар қўшиқ бўлиб кўнгилларни яйратади ва дилларга кўчади.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА.

Янгиликни бўлишинг: