"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

25 октябрь – Ички ишлар идоралари ходимлари куни

Телевидение орқали, интернет сайтларида она сайёрамизнинг турли ҳудудларида  содир бўлаётган оммавий тартибсизликлар, қирғинбарот урушлар, бунинг натижасида оддий халқнинг чекаётган жабру ситамлари ҳақидаги лавҳаларни кўрганимизда ҳар гал кўнглимиз бир қалқиб тушади, атрофимизда беғам, беташвиш юрган фарзандларимизни кўриб, юрагимиз таскин топади ва  илоҳо, тинчлигимиз адабий бўлгай, дея тилак тилаймиз.

Тинчлик, осойишталик! Чиндан-да бу улуғ неъматлар, эришаётган жамики ютуқларимиз, ҳаётимиз фаровонлиги асоси эканлигини доим ҳам ҳис қиламиз, унинг барқарор бўлмоғи учун ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, хизмат бурчини сидқидилдан адо этаётган инсонларнинг меҳнатини доим ҳам эътироф этамиз. Уларнинг сафида ички ишлар идоралари ходимлари ҳам бор.

Ҳа, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда, жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар идоралари ходимларининг хизматлари алоҳидадир.

Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби ички ишлар идораларида ҳам чуқур ислоҳотлар олиб борилди. Натижада ўтган давр мобайнида жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўпгина ютуқларга эришилди. Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий соҳаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга йўналтирилган "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда.

Эришилаётган натижалар самараси сифатида мамлакатимиз халқаро экспертлар томонидан дунёдаги энг тинч-осойишта мамлакат, қонун устуворлиги таъминланган мамлакат сифатида олдинги ўринларда эътироф этилмоқда.

Ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун даражасида белгилаш, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида 2016 йилнинг сентябрь ойида "Ички ишлар органлари тўғрисида” Қонун қабул қилинди.

Туман ички ишлар бўлимида ҳам қонун ижросини таъминлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларда муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг "Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак”, деган сўзларининг амалий ижросини  таъминлашга сидқидилдан ҳаракат қилмоқдалар. Янги қонунга кўра, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари тайинланди. Ички ишлар бўлими ходимларининг аҳоли ва ўзини ўзи бошқариш идоралари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланди. Бўлим замонавий услубда таъмирланган, барча талабларга жавоб берадиган, жисмоний  чиниқиш ва ўқув машғулотлари олиб бориш имкониятига эга бинога кўчиб ўтганлиги иш сифатини тубдан яхшилаш имконини берди.

Айни кунда бўлим шахсий таркибида 156 нафар ходимлар туманимиз аҳолисининг тинч-осойишталигини ишончли ҳимоя қилишмоқда. Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида "Тунги хизмат” ташкил этилган бўлиб, унга ИИБ ходимларидан ташқари жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб қилинмоқда.


Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни "Профилактика куни” самарали ташкил этилмоқда. Натижада 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 тага камайган. Ўта оғир турдаги жиноятлар тенглиги сақланган.

Шунингдек, аёллар томонидан жиноятлар содир этиш 20 тадан 7 тага, маст ҳолда жиноят содир этиш 3 тадан 2 тага, гуруҳлар таркибида содир этилган жиноят 9 тадан 8 тага, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят 4 тадан 2 тага камайишига эришилди.

Олдинлари ички ишлар бўлими ходимлари фаолияти асосан содир бўлган жиноятларнинг оқибатларига қарши курашишдан, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашдан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда бу вазифалар қаторига бу жиноятларни ва қонунбузилиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиб бориш, аниқлаш ва шу асосда уларнинг содир бўлишига имкон бераётган ҳолатларни бартараф этиш каби муҳим чораларни кўриш ҳам юкланди. Бу ўз навбатида жиноятчиликнинг камайишига замин яратади, албатта.

Халқимизнинг тинч-осойишталигини таъминлашда профилактика инспекторларининг фидойилиги, ўз хизмат вазифасига виждонан ёндошиши муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг  профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2906-сонли Қарори айнан бу борадаги аҳволни янада яхшилашни, шу мақсадда профилактика инспекторларини ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан хизмат уй-жойлари билан таъминлашни назарда тутган.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги  арафасида Қарорга мувофиқ туман ички ишлар бўлимида хизмат қилаётган 28 нафар профилактика инспекторларига уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақидаги туман ҳокимининг қарори қабул қилинди, 5 нафарига эса бўш турган иморатлар мукаммал таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилди. Барча профилактика инспекторлари имтиёзли кредит асосида хизмат автомашинаси билан таъминланмоқда.

Профилактика инспекторлари зиммаларига қўйилаётган улуғвор вазифаларга монанд меҳнат қилаётган ходимлар шахсий ташаббуси билан олиб борган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 32 та оилага турли даражада моддий кўмаклар кўрсатилган, 31 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган, 16 нафар фуқаро кам таъминланганлар рўйхатидан чиқарилган, шунингдек, улар жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган қатор тадбирларда фаол иштирок этишмоқда.

ИИБ  Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари 2011 йил 5 январь кунги "Ўзбекистон Pеспубликасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги мамлакатимиз Биринчи Президентининг 4262-сонли Фармонига кўра, фуқароларга янги биометрик паспорт бериш мақсадида фаол фаолият олиб бормоқдалар.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 93583 нафар фуқароларнинг маълумотлари қабул қилиниб, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан ёзилган 93329 нафар фуқароларнинг янги биометрик паспортлари расмийлаштириб берилди.

Шунингдек, бўлим ходимлари томонидан 6798 нафар, профилактика инспекторлари томонидан 14799 нафар фуқароларнинг паспорт режимига амал қилиши назорат қилинди ва 340 нафар фуқароларнинг ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаётгани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Фуқаролик паспортларини турли сабабларга кўра йўқотган 241 нафар фуқароларнинг аризалари ўз вақтида кўриб чиқилиб, улардан жарималар ундирилди.

Тинч-осойишталикни таъминлашда, жамоат тартибини сақлашда қўриқлаш бўлими алоҳида ўринга эга. Боиси туман бўйича қўриққа олинган давлат муассасалари, тижорат банклари, маҳкама объектлари ва фуқаролар хонадонларида, жами 79 та объектларда ўғирлик ва жиноятларнинг, тартиббузилишларининг олдини олишда бўлим ходимлари ўз вазифасини сергаклик билан адо этиб келмоқдалар. Натижада йилимизнинг ўтган даврида мазкур объектларда нохуш ҳодиса қайд этилмади. Бу бўлим ходимларига бўлган ишончнинг ортишига сабаб бўлаётир. Фикримизнинг исботи сифатида қўриқлаш учун топширилаётган объектлар сонининг йил сайин кўпайиб бораётганини келтиришимиз мумкин.

Бўлим шахсий таркибининг хизмат жанговор тайёрлигини ошириш, пост хизмат ҳужжатларининг сифатли юртилишини ва қўриқдаги объектларнинг ишончли қўриқланишини таъминлаш, техник мустаҳкамлигини ошириш, қўриқлаш сифатини оширишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Бўлим ходимлари туман ИИБ томонидан ташкиллаштирилаётган жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тадбирларда фаол қатнашиб, алоҳида иқтидорларини намоён этмоқда.

Мустақиллик йилларда мамлакатимизда изчил амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, давлат мулки, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган яхлит ёнғин хавфсизлиги тизими яратилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 23 май куни қабул қилган "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги сифат босқичига кўтарди. Қарорга мувофиқ, ёнғин хавфсизлигини барча даражада таъминлаш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, корхона, ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича шахсий жавобгарлик белгиланиб, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Ёнғин профилактикаси куни” деб белгиланди.

Қарорда белгиланган кенг миқёсли вазифаларни оғишмай амалга ошириб келаётган туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимларининг ҳам фаолияти самарали бўлаётир.

Уларнинг тилсиз ёв – ёнғин содир бўлишининг олдини олишга қаратилаётган тарғибот-ташвиқотлари натижасида бунингдек кўнгилсиз ҳодисалар тобора камайишига эришилмоқда.

Аслини олганда, тинч-осойишта беташвиш ўтаётган кунларимизнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ана шундай буюк бахт юртимизда ҳукмрон бўлмоғи, бизнинг хотиржам ва фаровон турмуш кечиришимиз йўлида меҳнат қилаётган ички ишлар идоралари ходимлари ҳар қанча эъзозу эҳтиромларга лойиқдир.

Мамлакатимиз бўйлаб 25 октябрь – ички ишлар идоралари ходимлари куни улкан тантана  қилиниши ҳам бежиз эмас.

25 октябрь куни туман ички ишлар бўлимида ҳам мазкур сана кенг нишонланди. Байрам муносабати билан ўтказилган тантанага соҳа ходимлари, фахрийлари, туман ҳокимлиги вакиллари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ташриф буюрдилар. Туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдошев тинчлигимиз посбонларини касб байрами билан муборакбод этди. Тантанада ўз хизмат бурчини шараф билан адо этаётган ходимларга байрам совғалари топширилди. Самимий қутловлар, дил изҳорлари концерт дастурига уланиб кетди.

                                                         Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: