"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

ОИЛА ТИНЧ – ЖАМИЯТ БАPКАPОP

Туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига турмуш қурганларига ҳали бир йил ҳам тўлмаган келин-куёв ажрашиш учун ариза билан мурожаат қилишди.

  Кўрган кўзга иккови ҳам ақл-ҳуши жойида, бир оилани обод қилгудай ғайрати, савлати бор. Бироқ ўзларининг айтишларича, ўзаро уруш-жанжал, низолардан шунчалик тўйиб кетишган эканки, бирга яшашга тоқатлари етмай қолибди. Ҳали фарзанд кўришга ҳам улгурмаган, эзгу ниятлар, орзу-армонлар билан оила дея аталгувчи муқаддас қўрғонни бунёд этган ёшларнинг бу қарори бизни жуда ажаблантирди. Улар яшайдиган маҳалла оқсоқоли, маслаҳатчиси ва ёши улуғ онахонлар билан уларнинг  оиласидаги муҳитни ўргандик, ажримнинг олдини олиш, аҳил яшаб кетишларига эришиш борасида маслаҳатлашдик.

Аён бўлишича, улкан хонадонда уч нафар келин, катта икки келиннинг беш нафар фарзандлари бор экан. Ота-она, ўғиллар бамаслаҳат янги ҳовли солишибди. Янги иморатга учала келиннинг ҳам кўчгиси келиб, жанжални авжига чиқараётган экан.

– Урф-одатларимизга кўра, мен  кенжа ўғил бўлганим учун ота-онам бағрида қоли-шим керак. Бироқ рафиқам "янги уйга кўчмасак, сен билан яшамайман, эски ҳовлида яшашни истамайман”, деяпти. Мен ҳам мен билан фақат янги ҳовли учун яшаётган бўлсанг, бор кетавер, дедим, – дейди куёв.

Хуллас, кўпчиликнинг саъй-ҳаракатлари билан уларнинг оиласи сақлаб қолинди, катта ўғил янги ҳовлига кўчди.

Баъзан, янги оила қурган, ҳатто бир-неча фарзандли бўлган эр-хотинларнинг ҳам ҳаётдаги арзимас сабаблар билан ажралишга қарор қилаётгани жуда ташвишлидир.

Кексаларнинг турмуш қуришда пухта ўйланиш, шошма-шошарлик қилмаслик лозимлиги тўғрисидаги маслаҳатларида ҳикмат кўп.

Афсуски, кейинги йилларда баъзи ёшларнинг оила қуришга жуда енгил қараб, оила масъулиятини ҳис қилмай, фақат ҳамма ҳавас қилгулик тўй, шоҳона либослар, мебеллар орзусида турмуш қураётгани бор гап. Натижада тўйдан кейин тотув турмуш ўрнига ўзаро низолар бошланади. Шу боисдан  ҳам ажримлар содир этилаяпти.

2016 йилнинг дастлабки саккиз ойи давомида туман бўйича 949 никоҳ, 81 та ажрим қайд этилган бўлса, жорий йилимизнинг ўтган саккиз ойида 916 та никоҳ ва 73 ажрим қайд этилди.

Бу рақамлар ота-оналарни, кенг жамоатчиликни бу борада ҳушёр тортишга ундайди. Боиси оила – жамиятнинг кичик бир бўлаги. Оилалардаги тинч-осойишталик, жамият тинч-осойишталигини таъминлайди.

Муборак ПPИМБЕТОВА,

туман ФҲДЁ бўлими инспектори.

(Фото - http://fikr.uz)

Янгиликни бўлишинг: