"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

МЕҲНАТ ЗАФАРИНГИЗ МУБОРАК, АЗИЗ ПАХТАКОРЛАР!

05-октябрь 2017 йил, 10:08. Ўқилди: 5960 марта

Деҳқоннинг ҳар бир куни иш машаққати ва меҳнат завқи билан ўтади. Аммо, йилда икки кун борки, унинг қувончи ва ҳаяжони ўзгача. Бири – ерга уруғ қадаган куни бўлса, яна бири – меҳнатининг меваси хирмонга тўпланган палла. Бугун – 2017 йилнинг 4 октябрь куни туманимиз фермерлари учун ана шундай қувончли кун. Пахтакорларимиз 27 иш кунида давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режаларини ортиғи билан бажардилар. Омилкор фермерларимизнинг ишбилармонлиги, кўп йиллик бой тажрибага эга деҳқонларимизнинг пешона тери, меҳнатсевар пудратчилар ва қийин-қистовли кунларда уларга ёрдамга келган фидойи ҳашарчиларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлари натижасида 32715 тонналик юксак "оқ олтин” хирмони бўй тиклади. Етиштирилган пахта ҳосили юқори навларга сотилди.

Албатта, ҳеч бир зафар ўз-ўзидан ёки тасодифий келмайди. Пахтачиликдаги бу меҳнат ғалабаси давлатимиз томонидан ер эгалари учун яратиб берилаётган шароитларнинг мевасидир. Бундан анча йиллар олдин Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда фермерлик фаолиятининг йўлга қўйилиши ана шу шароитларнинг энг асосийси бўлди. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида банк-молия соҳаси, табиий ва моддий ресурслар, техника таъминоти борасида ўзига хос тизим яратилгани фермерларимизни янада самарали ишлашга ундамоқда.

Жорий йил эрта баҳордан 15850 гектармайдонга С-47-27, "Бухоро-102”"Султон”, "Бухоро-8 каби навлардаги чигит қадаган деҳқонларимиз қулай об-ҳаво шароити ҳамда экиш ишларининг ўз вақтида, сифатли ўтказилиши натижасида далалардан тўлиқ ниҳол олишга эришдилар. Ер билан тиллашадиган деҳқонларимиз ғўза ниҳолларини яганалаш, бегона ўтлардан тозалаш, қатор ораларига ишлов бериш, суғориш ва сеспензия, озиқлантириш, чилпиш, дефолияция каби агротехник тадбирларни ҳам аъло даражада амалга оширдилар. Натижада далаларимизда кўзни қувонтиргулик мўл ҳосил тўпланди.

Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Меҳнат унумдорлиги ва иш сифати биринчи навбатда ишчилар учун яратилган қулай иш шароити ва уларнинг саломатлиги, моддий ва маънавий манфаатдорлигига боғлиқ. Шу сабабли ҳам жорий йилги терим мавсумида теримчиларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларга муносиб меҳнат шароити яратиш масалалари катта эътибор қаратилди.

Ҳашарчилар учун дала бошида иссиқ овқат ташкил қилиниб, туман маданият бўлими санъаткорлари уларнинг дам олиш пайтида маданий ҳордиқ чиқаришлари учун хизматда бўлди. Терилган пахталар кунига 2 маҳал ўлчаб олиниб, теримчиларга мавсум бошидан бери жами 14,8 млрд сўмдан ортиқ нақд пуллар банк ходимлари томонидан дала бошида тарқатилди. Шу кунгача топширилган пахта ҳисобидан фермерларимизнинг 60,2 миллиард сўмдан ортиқ даромад кўриши уларнинг ўз меҳнатидан моддий манфаатдорлигини оширди.

Туман бўйича 306 та терим отрядларига бирлашган фермер хўжалиги ишчилари ва пудратчилар, уларга ёрдам бериш мақсадида ҳашарга чиққан хўжалик ҳисобидаги корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари, овул ва маҳаллаларнинг уюшмаган аҳолиси, "Фидойи ёшлар отряди” аъзоларидан иборат жами 28 715 нафар теримчиларнинг оғзибирчиликда қилган меҳнати самараси сифатида бугунги юксак хирмон яратилди.

Терилган пахтани тайёрлов пунктларига ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш мақсадида зарур техника воситалари жалб этилди. Теримда ёнилғи маҳсулотлари таъминотида узилиш бўлмаслиги учун керакли даражада захира яратилди. Шунингдек, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини бевосита даланинг ўзига етказиб бериш учун ёнилғи тарқатиш агрегатлари ишга тўлиқ шай қилиб қўйилди. Бахтсиз ходисалар содир бўлишининг олдини олиш мақсадида ёнғин ва техника хавфсизлиги бўйича зарур чоралар кўрилди.

Албатта, етиштирилган ва йиғиб-териб олинган пахта хомашёсини қабул қилиш ва сақлаш жараёнида тезкорлик ва аниқлик муҳим аҳамиятга эга. "Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти ва жойлардаги тайёрлов масканларида пахтани қабул қилишдан тортиб уни сақлаш, қайта ишлаш ва сотишгача бўлган барча жараёнларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида электрон ҳисобот ва назорат тизими жорий қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этди. Пахтанинг электрон тарозиларда тортилгани уни ўлчаш вақтининг камайишига, аниқлигининг ошишига ва бу борада очиқлик таъминланишига хизмат қилди. Пахта тозалаш корхонаси ҳузурида мониторинг марказлари фаолиятини йўлга қўйилгани эса фермер хўжаликлари, таъминотчи, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, солиқ инспекцияси ҳамда пахта тозалаш корхонаси ўртасидаги ҳисоб-китоб ва тўлов тизимини соддалаштириш, пахта ва ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини назорат қилишга ёрдам бермоқда.

Ҳашарчиларни рағбатлантириш ва руҳлантириш мақсадида мавсум давомида илғор теримчиларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, туман ҳокимлиги ва қатор давлат, жамоат ташкилотларининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

 "Оқ олтин”нинг ҳар бир толаси – бойлик. У эртага қайта ишланиб, экспорт қилинса ёки ўзимизда ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилса, энг аввало давлатимиз бюджетининг юксалишига, қолаверса эл-юрт фаровонлигига ҳисса бўлиб қўшилади. Буни яхши тушунган туманимиз пахтакорлари фақат шартномани бажариш билан чекланиб қолмай, даладаги ҳосилни сўнгги мисқолигача йиғиб-териб олишни ният қилганлар.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳалол меҳнатни умрининг мазмуни, ватан тараққиётига ҳисса қўшишни ҳаётининг бош шиори деб билган амударёлик барча пахтакорларни, деҳқон ва фермерларни, ҳашарчи ва ёрдамчиларни бугунги юксак меҳнат зафари билан табриклаймиз! Ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азиз пахтакорлар!

Султонбой ЙЎЛДАШЕВ,

туман ҳокими.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш