"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8096.33 +0.12
  • 1 EUR = 9608.72 -45.53
  • 1 RUB = 137.57 -1.88

ПАХТАГА ЁНҒИН ХАВФ СОЛМАСИН!

Айни дамларда туманимизда пахта йиғим-терими қизғин паллага кирди. Йиғим-терим даврида ёнғин хавфининг олдини олиш, бебаҳо бойлигимизни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Шу мақсадда барча фермер хўжаликларида пахтани қуритиш ўринлари, сув ҳавзалари мавжуд бўлган жойларга яқин бўлиши таъминланди. Пахта ҳосилини қабул масканларига элтишда трактор тиркамаларига ортилган пахта устига, албатта, шолча ёки брезент ёпилиши зарурлиги барча фермер хўжаликлари раҳбарларига тушунтирилди. Чунки, пахта қабул қилиш пунктларида ва пахта далаларида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда пахта ҳосилини йўл четларида қуритиш қатъиян ман қилинади. Хирмонлар, пахта қуритиш ўринлари, йўл бўйлари ҳамда пахта қабул қилиш шохобчаларида «Пахтани оловдан асрайлик!», «Чекилмасин!», «Оловдан фойдаланиш ман қилинади!» каби тавсиялар, кўргазмалар ва паннолар кўринарли жойларга осиб қўйилиб, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан тўлиқ таъминланди.

«Амударё пахта заводи» ҳиссадорлик жамияти ҳамда унга қарашли пахта қабул қилиш шохобчаларида пахта ҳосилини қабул қилиш ишлари қизғин давом этмоқда. 

Йиғим-терим мавсумида қатнашаётган кўнгилли ҳашарчиларнинг дам олиш жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди, ёнғиндан сақланиш мавзусида суҳбатлар ўтказилиб, йўриқномалар ва кўрсатмалар берилди.

Пахтани қабул қилиш шохобчаларида кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳлари тузилиб, гуруҳ аъзоларига тегишли вазифалар юклатилди. Манғит шаҳар 3-сонли Касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми шахсий таркиби ва 2 та жанговар экипаж, «Амударё пахта заводи» ҳиссадорлик жамиятининг кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳи ва 1 та жанговар экипажи билан пахта тозалаш заводида ва пахта қабул қилиш шохобчаларида ёнғин ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Бу йилги «Пахта – 2017» йиғим-терим мавсумида ҳам фаол қатнашиб, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимларининг кўрсатмаларини ўз вақтида бажарсак, миллий бойлигимиз бўлган пахтани ёнғиндан асрашга ва демакки, давлатимиз иқтисодини янада юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Ҳамро МАТЁҚУБОВ, туман  ИИБ ЁХБ бошлиғи, майор.

(Фото - http://uz24.uz)

Янгиликни бўлишинг: