"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8096.33 +0.12
  • 1 EUR = 9608.72 -45.53
  • 1 RUB = 137.57 -1.88

ВАЛЮТА СИЁСАТИДАГИ ЎЗГАPИШЛАP ИҚТИСОДИЁТИМИЗ PИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ҳар бир давлатда иқтисодиёт соҳасига алоҳида аҳамият қаратилади. Боиси, халқ бой ва тўқ бўлсагина, жамият равнақ топади. Мамлакатимизда ҳам бу жабҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Айни даврдаги халқимиз турмушидаги фаровонлик, тўкин-сочинликни бунинг яққол исботи сифатида эътироф эта оламиз. Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг яқинда имзоланиб, 5 сентябрдан амалда қўлланила бошлаган «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармони ҳам мамлакатимиз иқтисодиётидаги ривожланишни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

ПУЛ – МОДДИЙ ЭҲТИЁЖ

Иқтисодий ҳаётда пул бирликлари муҳим ўрин тутади. Зарурий эҳтиёжлар пул муомаласи орқали амалга ошади. Иқтисодиётни ривожлантиришда аҳамият касб этаётган тадбиркорлик фаолиятида чет эл билан муносабат ҳамда халқ орасида хорижга чиқиб меҳнат қилиб келишлар ва бошқа кўплаб сабаблар туфайли хорижий валюта – яъни чет давлатлар пул бирликлари бугунги кунда мамлакатимизда ишлатилиши, муомалада бўлиши одатий тусга айланмоқда.

Пул – инсонларнинг моддий эҳтиёжи учун зарур восита ҳисобланади. Инсонлар шу эҳтиёжни тўлдириш мақсадида меҳнат қиладилар. Кимдир ақлий меҳнат, кимдир жисмоний меҳнат орқасидан даромад топишга эришади. Шу ўринда, 26 йил олдин эришилган мустақиллигимиз туфайли халқимизга моддий томондан тикланиб олиш учун кенг имкониятлар яратилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Истиқлол шарофати билан тадбиркорлик, миллий ҳунармандчилик, фермерлик ҳаракати кабилар йўлга қўйилди. Бу эса инсонларнинг ҳалол меҳнат орқали даромад топиш манбасига айланди.

Ҳа, Биринчи Президентимиз И.А.Каримов халқни фаровонлик йўлига бошлаб, иқтисодиётни юксалтирдилар. Ҳозирги кунда Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев ҳам уларнинг эзгу ишларини давом эттириб, эл манфаатини кўзлаб, халқчил сиёсат юритмоқдалар. Қатор фармонлар жумласидаги яқинда қабул қилинган "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сонли Фармонининг ҳам Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эгалигини тўғри англаб, тушуниб олишимиз зарур.

ТУШУНМОВЧИЛИКЛАP ТАБИИЙ ҲОЛ

Мазкур Фармоннинг моҳиятини ҳамма бирдек ва дарҳол тушуниб етолмаслиги табиийдир. Бу эса оддий халқ орасида турли хил мулоҳазаларга сабаб бўлишига олиб келади. Халқ орасида "Энди нима бўларкан, нарх-навога таъсир қилмасмикан, давлат курсларида фойдаланилаётган хизматлар ҳам ўзгарармикан?!” каби истиҳолали ва ташвишли фикрлар пайдо бўлиши шубҳасиздир.

Лекин Фармон ижроси бу ташвишларнинг ўринсиз эканлигини, у мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги самарали омил эканлигини кўрсатмоқда. Амалиётга татбиқ этилаётган Фармонга мувофиқ эндиликда валюта сиёсати бўйича ҳукумат ва банклар томонидан енгиллаштирувчи чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хорижий валюта жисмоний шахслар учун алоҳида  тартибга кўра ва юридик шахслар учун алоҳида тартиб бўйича конвертация қилинмоқда. Шунингдек, иқтисодиётда ўз мавқеига эга бўлган кўпгина тадбиркорлар хориж билан савдо муносабатларини амалга оширишда валютага эҳтиёжи бўлганлиги сабабли бир қанча муаммоларга дуч келишаётган эди. Чет элга саёҳатга чиқувчилар, хорижий касалхоналарда даволанувчилар ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олувчилар ҳам бундан мустасно эмас эдилар. Фармон ижроси амалга оширилиши давомида бу борадаги муаммолар аста-секин ечимини топиши кўзда тутилган ва яқин муддатлар ичида валюта сиёсатининг барқарорлашуви кутилмоқда. Иқтисодиётдаги бу ўзгаришлар, яқин келажакда, албатта, ўзининг ижобий самарасини кўрсатади.

"ҚОPА БОЗОP” ТУГАТИЛАДИМИ?

Ижтимоий тармоқларда бир молиячи-экспертнинг "Биринчи Президентимиз И.А.Каримов "... бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади” деган эди. Худди шу сўзларнинг исботи сифатида чекланган валюта конвертацияси натижасида яратилган турли бўшлиқларни яширин иқтисодиёт вакиллари ўзларининг турли ниқоб остидаги вазифалари билан тўлдириб келишган”, деган фикрларини ўқиб қолдим. Дарҳақиқат, кейинги йилларда кўчадаги курс ва давлат курси ўртасидаги фарқдан, шунингдек валютанинг ноқонуний олди-сотдисидан фойда олишни кўзлаб, иш қиладиган ноқонуний "касб”лар ҳамда бу "касб”да фаолият кўрсатувчилар пайдо бўлган эди.

Иқтисодиёт тилида "қора бозор” деб аталувчи бу нуқта фаолиятидан фойдаланиш табиий ҳолга айланиб қолаётган эди. Бу ҳолатга қонуний чора кўришга қанчалик ҳаракат қилинмасин, барибир бутунлай йўқ қилинишига эришилмаётганини тан олишимиз керак.

– Ноқонуний валюта фаолияти бўйича мазкур йилда 6 нафар шахсга маъмурий иш қўзғатилиб, маъмурий ишлар бўйича Амударё туман судига қонуний чора кўриш учун юборилди. Чет эл валюталарининг ноқонуний равишдаги олди-сотдиси билан шуғулланиб юрган шахсларни аниқлаш ҳамда валюта фаолиятидаги қонун бузилиш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида қатор  тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Чунки, ҳар қандай ноқонуний фаолият давлат ва фуқаролар манфаатига зарар етказади, – дея эътироф этади Ўзбекистон Pеспубликаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Pеспубликаси бошқармаси  бўлими бошлиғи Султонбой Қурбонов.

Шу ўринда айтиш жоизки, Фармон ижросининг таъминланиши "қора бозор” фаолиятининг ўз-ўзидан тугашига олиб келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

НАPХ-НАВО ҲАҚИДА

Валютанинг давлат курси, "қора бозор” курсига тенглаштирилиши нарх-навога асло таъсир кўрсатмайди. Чунки, бозордаги маҳсулотлар нархи доим "қора бозор” курсига қараб белгиланиб келинган. Нимадир харид қилмоқчи бўлсак, унинг нархи одатдагидан ошган бўлса, сотувчиларнинг доллар нархи кўтарилганлигини рўкач қилишлари одатий ҳолга айланганлиги ҳаммага маълум.

Нархи хорижий валютанинг расмий курси бўйича белгиланиб келинаётган мобиль алоқа, интернет, авиачипталар ва бошқа хизматлар нархлари шу йилнинг 29 августдаги давлат курси бўйича (бир АҚШ доллари – 4210 сўм) ҳисобланмоқда.

ТУМАН БАНКЛАPИДА ВАЛЮТА КОНВЕPТАЦИЯСИ

Президентимизнинг юқоридаги  Фармони ижросини таъминлаш мақсадида АТБ "Агробанк”нинг туман филиалида Конверсион амалиётлар бўлими ва Валюта айирбошлаш шохобчаси ташкил этилди.

– Бўлимимизда эрталабки соат 9:00 дан кечки соат 22:00 гача фуқароларга хизмат кўрсатилади, – дейди АТБ "Агробанк” туман филиалининг Конверсион амалиётлар бўлими бошлиғи Қадамжон Дуйсенбоев. – Малакали ходимларимиз Муборак Хўжамуродова, Қурбоной Сапароваларнинг хизматларидан фуқаролар ниҳоятда мамнун.

АТБ "Агробанк” туман филиалининг Валюта  айирбошлаш шохобчасида фуқароларга чегараланмаган миқдордаги чет эл валютаси 50 минг сўмлик купюраларда алмаштириб берилмоқда. Бунинг учун мурожаат қилувчидан фақатгина шахсини тасдиқловчи ҳужжат, яъни паспорт нусхаси сўралади. Шунингдек, чет эл валютасига эҳтиёж сезаётган жисмоний шахсларга ҳам ҳар чорак мобайнида 5000 АҚШ долларигача бўлган валютани "Visa” халқаро пластик карталарига ўтказиб ва нақд кўринишларда бериш йўлга қўйилади.

Валюта сиёсатидаги мазкур ўзгаришлар, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши муқаррардир. Бу эса ўз ўрнида халқимиз фаровонлиги ортишига ва жамиятимиз янада равнақ топишига хизмат қилади.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА, журналист.

(Фото - http://parliament.gov.uz)

Янгиликни бўлишинг: