"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

УНИ МУАЛЛИМ ДЕЙДИЛАР...

28-сентябр 2017 йил, 18:42. Ўқилди: 5641 марта

Ўзбекистон қаҳрамони, севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг шундай мисралари бор:

Шоирга дедилар:

– Сиз бахтли инсон,

Халқингиз ардоқлар, ҳамма танийди.

Шоир жавоб қилди:

– Менда бир армон –

Муаллим десалар мени, қанийди.

Ҳа, буюк сўз устаси эътироф этганларидай, муаллим бўлишни орзу қилмаган, хаёлан ўзини синфхоналарда дарс бераётган ўқитувчи ўрнига қўйиб кўрмаган одам бормикан? Бу ҳавас ҳатто мурғак болалик ўйинларимизда ҳам ўз ифодасини топади. Чунки муаллимлик қутлуғ ва мўътабар касбдир.

Орамизда ҳаётини ана шундай касбга бахшида этган инсонлар кўпчиликни ташкил этади.

Табиатан болаларга ғамхўр, таълим-тарбия самарадорлигига эришишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Бегмурод Шомуродов шундайларнинг бири. Унинг кўнглида ўқитувчиликка ихлос жуда эрта уйғонди. Шунинг учун ҳам С.Айний номли (ҳозирги 22-сонли) ўрта мактабнинг 10-синфини тугатгач, 1975 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирди ва 1979 йилда муваффақиятли тамомлаб, ўзи таълим олган мактабга жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишга кирди.

У пайтларда жисмоний тарбия фани дарслар жадвалида бўлса-да, қадрланмас, ўрнига болалар мактаб ҳовлисини тозалашар, ё бошқа юмушларга жалб этиларди.

Бегмурод Шомуродов олийгоҳда ўрганган илмини болаларга ўргатиш, уларнинг жисмоний чиниқишига эришиш, жисмоний тарбия инсон ҳаётида улкан аҳамиятга эга эканлигини англатишга куч-ғайрат билан киришиб кетди. Аввал мактаб спорт майдончасига гоҳ чиқиб, гоҳ чиқмай вақт ўтказадиган болалар ҳар бир машғулотга қизиқиб қатнашадиган бўлишди.

Ўзи таълим олган устозлари билан бир сафда меҳнат қилиш олийгоҳни энди тугатиб келган ўқитувчи учун ҳам қувончли, ҳам масъулиятли эди. Билмаганларини худди ўқувчилик давридагидек эринмай улардан ўрганди. Ўқувчилари спортнинг  футбол, баскетбол, енгил атлетика турлари бўйича ўтказилган мактаблараро мусобақаларда, туман биринчиликларида ғолиб бўлган вақтларида қувонганлари... Ана шундай лаҳзаларда Бегмурод Шомуродов самарали меҳнат кишига қанчалик роҳат бағишлашини юрак-юракдан ҳис қилди.

Орадан ўтган йиллар Бегмурод Шомуродовни тажрибали ўқитувчи сифатида шакллантирди. Ўқувчилари орасидан О.Ражабов, У.Сафаров, С.Юсупов, Н.Қурбонов каби жисмоний тарбия фани ўқитувчилари етишиб чиқди.

Унинг етакчилик салоҳияти инобатга олиниб, 1990 йилда мактаб директори ўринбосари, 1993 йилда эса директор лавозимига тайинланди.

Бу масъулиятли лавозимни шу кунгача сидқидилдан адо этиб келаётир.

Буюк бобокалонларимиздан бири Юсуф Хос Ҳожиб «одамда заковат бўлса, нафи каттадир, билим ўрганган кишилар азиз ва қадрли бўладилар», деганларидай, ўқиган илми, ҳалол меҳнати Бегмурод Шомуродовни ҳам элда ҳурмат-эътиборга сазовор этди. Бегмурод муаллим деган ном олди. Олий маълумотли шифокор Гулора Абдуллаева билан турмуш қуриб, тўрт нафар интилувчан, одобли фарзандларни тарбиялаб, вояга етказишди. Ҳозир уларнинг ҳам ҳаммаси турли касбларнинг эгаларидир.

Бегмурод Шомуродов ҳаётнинг ана шундай саодатли манзилига ва қутлуғ 60 ёшга етган бахтиёр инсон.

Уни табаррук ёши ҳамда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қутлаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Ойгул РАЖАБОВА.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш