"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8096.33 +0.12
  • 1 EUR = 9608.72 -45.53
  • 1 RUB = 137.57 -1.88

КЕЧИККАН БАХТ

Зарина умумтаълим мактабини имтиёзли тугатди. Шу йилиёқ ўқитувчи бўлиш орзусида икки опасига ҳавас қилиб Тошкент шаҳрига йўл олди. Қизларининг билимдонлигидан, ақл-фаросатидан мамнун бўлган ота-она учинчи қизини ҳам оқ йўл, оқ фотиҳа билан Тошкентга кузатиб қолишди. Зарина педагогика институтига ўқишга кирди. Лекин бир оиладан уч нафар қизнинг  олис шаҳарда ўқиётгани маҳалладаги айрим ғаламисларнинг ичини "куйдирди” шекилли, унда-бунда ғийбатлар тўқилди. "Эмишки, ўқиган қизлар бузилиб  кетармиш, Бобомурод билан Ойдиннинг учала қизи ҳам "йўлдан чиқиб кетган”миш... Шаҳарда ўз билганларича, кўнгилларининг  кўчаларида юриб-юриб, қишлоққа ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб қайтармиш...”

Ё тавба, худди опа-сингилларни ўз кўзлари билан кўриб, айб устида ушлагандай, гап қилишди одамлар. Бобомурод оға билан Ойдин чеча маҳаллага кам аралашадиган бўлиб қолишди. Иккаласи ҳам бир-бирларидан пинҳон ўйга толишар, кўнгилларидан кечаётган гапларини тилларига чиқаришмас, буларнинг бари бекорчи-ғийбатчиларнинг гаплари эканлигини ич-ичларидан билиб туришсаларда қизларини оқлаш маъносида бирон сўз демасдилар.

Бирин-кетин, аввал катта қизи Зулфия тиббиёт институтини, Зумрад политехника университетини тугатишди. Зулфияни ўзи таҳсил олган институтда қолдиришди, Зумрад қишлоққа қайтди. Бири-биридан одобли, ўқимишли қизларни келин қилишга орзумандлар кўп-у лекин биронтаси Бобомурод оғанинг эшигини тақиллатишмасди. Ҳатто Зулфия билан Зумраднинг ўқиши тугашини кутиб юрган йигитлар ҳам ғийбатларга ишонишдими, Бобомурод оға хонадонидан назарини узишди.

Орадан бир йил ўтиб, кичик қиз Заринага совчилар кела бошлади.

– Опаларимдан олдин турмушга чиқмайман, – деди Зарина ва сўзида қатъий туриб олди.

Опалари ... Қайсидир оғзида қурти бор ғаламиснинг ғийбатларига қурбон бўлди, уларнинг гулдай ёрқин, оппоқ орзулари. Бири олий маълумотли шифокор, бири муҳандис бўлган Зулфия 30 ёшида қўли калталикдан уйлана олмай юрган ўзи тенги йигитга турмушга чиқди. Зумрад то 35 ёшигача "қари қиз” бўлиб ўтириб қолди. Опалари турмушга чиқиб тинчиб кетди-ю, Зарина...

Авваллари ундан-бундан сўровчиларнинг ҳам энди қадамлари узилган, ота уйида ўз оиласи билан яшаётган укаси Жамшидбек опасининг ҳурматини қилгани билан келин баъзи-баъзида тўнини тескари кийиб оларди. Шундай пайтларда Заринанинг ёлғизлиги жуда билинади. Маҳалла-кўйнинг тўй-маъракасига чиқишни-ку, умуман хоҳламайди.

Ўшанда айни баҳор эди. Боғлар қийғос гулга кирган фараҳли бир кунда энг севимли шогирдларидан бири тўйга таклиф қилди. Борди, туман марказидаги "Бек” тўйхонасида экан. Тўйхонага келин-куёв кириб келишаётган пайтда энди зинага оёқ қўйган Заринани кимдир қўлидан тортди:

– Зарина, келин-куёвнинг олдига чиқманг!

Зарина овоз эгасини таниди, у шогирди Нилуфархоннинг холаси эди. Ғалати бўлиб кетди. Кимдир унинг бошидан муздай сув қуйгандай, бутун вужудини совуқ тер босди. Томоғига нимадир тиқилгандай, ҳаво етишмаётгандай, лоҳасланди. Аранг ортига қайтиб, яқин жойдаги ўриндиққа чўкди. Аниқ кўрди, келинчакнинг холаси ёнидаги хотинларга нимадир деб, Зарина томонга ишора қилди. "Кетсаммикан?” – хаёлидан шу фикр кетмай қолди Заринанинг. У қанча ўтирганини билмайди. Фақат ёнига бир неча собиқ ўқувчилари келишиб:

– Устоз, ичкарига юринг, – деганларидагина ўзининг ҳолатини ҳис қила олди.

Шогирдлари қистови билан тўйхонага кириб, собиқ ўқувчилари даврасида сал ўзига келгандай бўлди-ю, тўй бошқарувчисининг:

– Табрик учун сўз Нилуфархоннинг биринчи ўқитувчиси Зарина опага, – деганида негадир юраги ғалати дукиллаб кетди. Ҳали у ўрнидан турмасидан, микрофон томон қадам қўймасидан бурун бояги аёл қаршисида пайдо бўлди.

– Сиз табриклаб, тилак айтишингиз шарт  эмас, – деди Заринанинг қулоғига. – Мана бу сизга тўёна! – У шундай деб Заринанинг қўлига елим халтача тутқазди. – Ёш оилага униб-ўсган, ўзидан тинган оналаримиз тилак айтишсин!

Энди ўрнидан тураётган Зарина бутун оғирлиги билан курсига қандай ўтирганини билмай қолди. Аёл тутқазган елим халтача оёқ остига тушди. Тўйни бошқарувчи эса уни тинмай даврага чақирар, собиқ ўқувчилари атрофида парвона бўлишар, лекин Зарина ҳатто тўйхонани тарк этишга ҳам ўзида куч топаолмай, лоҳас ўтирарди. Ниҳоят у ўрнидан турди. Турди-ю, бор кучини тўплаб бу издиҳомдан чиқиб кетишга шайланди. Ғала-ғовур шовқин худди кучли тўлқин каби уни орқасидан итариб, ташқарига олиб чиқиб қўйди. Йўлда келаркан, умрида биринчи марта бутун борлиғи титраб-қақшаб, ўзига, кенг дунёга сиғмай йиғлади. Шу бўлди-ю Зарина яқин кишиларининг ҳам тўйларига чиқмай қўйди.

Орадан яна икки йил ўтди. Зарина 42 ёшга тўлди. Ўз оиласи билан Тошкент шаҳрида яшаётган катта опаси Зулфия келин туширадиган бўлди. Қанча баҳона топмасин, барибир Зулфия синглисини Тошкентга чақириб олди. Ширингина ўтган тўйда ўйнаб-кулиб, сал ўзига келган Зарина "чарлар”дан сўнг "кетаман”га тушиб қолди.

– Биз сизни қўйиб юбормаймиз, – дейишди опасининг қўшнилари бир-бирларига маъноли қарашиб. – Аввал иккита қизалоғимиз бор, улар сиз билан кўришсинлар, кейин кетаверинг қишлоғингизга.

– Қизалоқ? – ҳайрон бўлди Зарина. – Уларнинг менга нима алоқаси бор?

– Жудаям бор-да! – қорачадан келган Моҳирахон исмли жувон бошқа бир ёшгина жувонга:

– Арофатхон, Фотима-Зуҳраларни айтиб келинг, – деди овозига сирли тус бериб.

Орадан оз фурсат ўтиб 10-12 ёшлардаги оппоққина, сочлари жингалак-жингалак эгизак қизалоқлар кириб келишди. Улардан бири тўлиқ салом берди-ю, остонада тўхтаб қолди. Иккинчиси эса оғзини очганча Заринага тикилиб туриб қолди.   

Бу ҳолатдан аёллардан бири кўзига ёш олди, бири "оҳ!” деб юборди. Иккинчи қизалоқ астагина эшикка суянди-ю йиғлаб юборди.

– Ойим, ойижоним... ойиж-о-о-он!

– Кўрдингизми, Заринахон! Қизалоқлар онасини топгандай бўлишди. Сиз уларнинг онасига узумнинг сувидай ўхшайсиз. Келганингиздан бери дунёдан эрта ўтиб кетган дугонам Саломат тирилиб қайтдими, деб  ичимда Аллоҳимга саловатлар айтаман. Эндиям кетаверасизми? – Моҳирахон унга синчковлик билан боқди.

Ноқулай ҳолатда қолган Заринани кутилмаганда қизалоқлар қучоқлаб олишди. Негадир Зарина шу лаҳзаларда узоқ йиллардан бери излаб топаолмаётган манзилига етгандай, вужудида енгиллик сезди. Қизалоқларни маҳкам қучиб, бағрига босди, сочларини меҳр билан силади. Шунда у умрида ҳеч қачон  ҳис қилмаган бир гўзал туйғу оғушида маст бўлди.

Бу – бола меҳри, фарзанд ҳиди ила қоришган оналик муҳаббати эди...

Зарина қизалоқларга меҳр берди, ўзидан икки ёшгина катта бўлган Қосимжон билан турмуш қурди. Аллоҳнинг карами кенг, Зарина 43 ёшида ўғли Шамсиддинни дунёга келтирди. Оналик бахти унга жуда ярашди. Ўзи туғилган қишлоғига ҳар гал қизлари ва ўғилчаси билан келганида юраги бир ажиб ҳисни туяди. Бу – кечикиб бўлса-да, бахт манзилига етганидан шукроналик ҳисси! Энди кўчаларда, тўй-маросимларда қаддини тик тутиб юради. Шогирдларига самимият билан эзгу тилаклар тилайди. У сабрли бўлди, Аллоҳ уни гўзал сабри учун сийлаган эди назаримда.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: