"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

“ЁШЛАР ПОЕЗДИ” ТАРҒИБОТ АКЦИЯСИ

21-сентябр 2017 йил, 12:03. Ўқилди: 937 марта

Эртанги кун давомчилари сифатида давлатимиз томонидан ёш авлодга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси туманлари бўйлаб ички туризмни ривожлантириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган "Ёшлар поезди” тарғибот акциясини ҳам ана шу эътиборлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.

Қорақалпоғистон Республикасига етиб келган "Ёшлар поезди” тарғиботчилари туманимизга ҳам ташриф буюрдилар. Тарғибот тадбирлари доирасида олимлар, тадбиркорлар, хонандалар, ўз соҳасида ютуқларга эришган намунали ёшлар, Ёшлар иттифоқи фаоллари жойларда учрашув, очиқ мулоқот ва мусиқали тадбирлар ўтказдилар.

Амударё академик лицейида тарғиботчилар гуруҳи кутиб олинди ва лицей фаоллар залида улар иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот учрашуви ўтказилди. Мулоқотда туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Йўлдошев, Ёшлар иттифоқи туман бўлими раиси М.Шерметов ҳамда "Ёшлар поезди” тарғиботчилари – ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова, Ўзбекистон руҳшунослар уюшмаси аъзоси Вилоят Давлетова, тадбиркор Райҳон Боймуродова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Улбосин Ўринбоева, Ёшлар иттифоқи фаоллари Фурқат Юсупов, Абий Даулетбоев, тиббиёт ходими Женисгул Сейтмуратова, хонандалар Арепбай Алланиёзов, Байрам Пердебаев, Шираз Турсинбоевлар ҳамда Зинатдин жировлар иштирок этдилар. Мулоқот давомидаги қизғин мунозараларда ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова ҳамда туман ҳокими ўринбосари Алишер Йўлдошевлар ёшларни қизиқтирган масалалар бўйича етарлича жавоб беришга ҳаракат қилдилар.

– Келажакнинг муносиб ворислари бўлиш – масъулиятли вазифа. Буни ҳар бир ёш юракдан, қалбан ҳис қилмоғи лозим. Турли иллат, ёт ғоялар таъсиридан ҳушёр бўлиш, фаолликка интилиш, ҳаётдан ўз ўрнини топиб, муаммоларга тўғри ечим топа билишга йўналтириш тарғибот акциясининг асосий мақсади ҳисобланади, – дейди гуруҳ раҳбари Феруза Муҳиддинова. – Тадбирларимиз давомида ёшларга руҳан кўтаринкилик, маънавий рағбат, тўғри йўналиш бера олсак, биз мақсадимизга оз бўлса ҳам эришган бўламиз.

Қизғин йиғим-терим пайти бўлганлиги сабабли учрашувлар пахта далаларида давом эттирилди. Тарғиботчилар гуруҳи туманнинг "Дўрман” овулидаги "Ўрозбоев Улуғбек” фермер хўжалигида бўлиб, у ерда пахта тераётган теримчилар билан суҳбатлашдилар. Фермер хўжалигининг дала шийпонида тушлик ташкил этилиб, мусиқий тадбир ўтказилди ва илғор теримчилар совғалар билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, тарғиботчилар туман марказидаги "Бойовул” маҳалласида истиқомат қилувчи 95 ёшли онахон Ўтабика Полвонованинг хонадонига ташриф буюриб, унинг  суҳбатидан баҳраманд бўлдилар ва китобсевар онахонга китоблар совға қилдилар.

Тарғибот гуруҳи аъзолари "Дўстлик” маҳалласида яшовчи туғма ногирон, лекин ўзига хос иқтидор эгаси Раҳматилла Гулмирзаев хонадонида бўлишиб, бу оила яшаш тарзи билан танишдилар. Туманда фаолият кўрсатаётган "Ногиронлар жамияти” жамоат  ташкилотига тегишли бўлган, яқинда ташкил этилган имконияти чекланганлар кутубхонасига ташриф чоғида тарғиботчилар у ерда китоб мутолаа қилаётган ўқувчи, туғма ногирон Ҳамдам Жумамуродовнинг орзу-истаклари билан қизиқдилар. Тарғибот гуруҳи аъзолари имконияти чекланганлар кутубхонасига бир қанча китоблар ва "Брайль” алифбосидаги дафтарларни совға қилдилар.

Ташриф яна пахта далаларида давом эттирилиб, гуруҳ аъзолари туманимиздаги "Тўлқин” овулида жойлашган "Юнусбек Исмоилов” фермер хўжалиги пахтакорлари билан учрашдилар ва қизғин терим жараёнида уларга руҳан кўтаринкилик бағишладилар. Маънавий рағбат тариқасида ўтказилган тадбирлар "Оқ олтин” овулидаги "Якубова Гавҳар” фермер хўжалигининг дала шийпонида давом эттирилди. Тадбирларда иштирокчилар санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар.

"Ёшлар поезди” тарғибот акцияси тадбирлари ёшларда катта таассурот қолдирди.

Озода ХУДОЙБЕРГАНОВА.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш