"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ТУМАНИМИЗ СПОРТИДА ЯНГИ БОСҚИЧ

11-сентябр 2017 йил, 14:53. Ўқилди: 2975 марта

Мамлакатимиз спорт соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, бу борада қабул қилинаётган Фармон ва Қарорлар, айниқса, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 15 февралдаги "Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ушбу соҳада янги, тараққиёт даврини бошлаб берди.

Ушбу Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ташкил этилиб, мамлакатимиз Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро аппарати, барча БЎСМлар, спорт йўналишидаги мактаб-интернатлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказининг  қўмита таркибига берилиши кўпдан-кўп муваффақиятлар сари йўл очди. Буни бизнинг туманимиз спорти соҳасида эришилаётган ютуқларда ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Мустақиллик йилларида туманимизда спорт билан шуғулланувчи барча ёшдаги аҳоли, айниқса, ёшлар, болалар ва ўсмирлар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. 2004 йилда Ўрта қалъа овули ҳудудида барча қулайликларга эга спорт мажмуаси барпо этилди. 2013 йилда 2-сонли БЎСМ, 2016 йилда 1-сонли БЎСМ бинолари капитал реконструкциядан чиқарилди. ХТМФМТТЭБ тасарруфидаги барча умумтаълим мактабларида замонавий спорт заллари ва спорт майдончалари талаблар даражасида жиҳозланди. Айни пайтда бу спорт мажмуаларида 47 нафар тажрибали мураббийлар раҳбарлигида 1634 нафар турли ёшдаги болалар ва ўсмирлар спортнинг 16 тури билан мунтазам шуғулланишмоқда. Уларнинг 333 нафари қиз болалардир.

Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга оид Президент Фармонлари ва Қарорлари, хусусан, 2017 йил 15 февралдаги "Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ва унга қўшимча равишда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил  этиш тўғрисида”ги 2779-сонли Президент Қарорига биноан тизимдаги мутахассислар малакасини  ошириш, жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш  борасидаги ишлар янада жадаллашди, туманимиз спорти соҳаси янги босқичга кўтарилди. Болаларнинг спорт билан  шуғулланишлари учун шароит яратиш, бу ишларни қишлоқ жойларида янада  такомиллаштириш, уларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, нуфузли халқаро мусобақалардаги иштирокини таъминлаш – спорт қўмитамизнинг асосий вазифасига айланди.

Хулоса қилиб айтганда, "Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори янгидан ташкил этилган қўмита ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятида ижобий ўзгаришлар ясаш имконини бердики, бу спортчиларимиз эришаётган ютуқларда ўз ифодасини топмоқда.

Жасур ЯХШИМОВ,

туман Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш